Logo

Ўзбекистон ва Малайзия ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда

Август 15, 2025. 17:03 • 2 дақ

57
Ўзбекистон ва Малайзия ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 15 август. /"Дунё"АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев амалий ташриф билан Малайзиянинг Перак штатига борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" AA мухбири.

Ташриф давомида Перак штати билан сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм ва таълим соҳаларида алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди.

 Хусусан, Перак штатининг валиаҳд шаҳзодаси Ража Жафар ибни Алмаҳрум Ража Муда Муса ва штат ҳукумати Бош вазири Саарани бин Муҳаммад билан ҳар иккала мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати, келгусидаги режалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Бош вазири Саарани бин Муҳаммад сўнгги йилларда Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ривожидаги кейинги икки йилни давлатимиз раҳбарининг Малайзияга олий даражадаги ташрифи давомида технологик ва илмий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи инновацион ривожланиш йили, деб эълон қилинишини муҳим ҳодиса деб таъкидлади.

– Ўзбекистонда етиштирилган сархил ва қайта ишланган меваларни ҳамда Перакда етиштирилган тропик меваларни тўғридан-тўғри етказиб бериш учун Ипох ва Тошкент шаҳарларида савдо уйларини очиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз. – деди Саарани бин Муҳаммад. Бу йўналишдаги самарали саъй-ҳаракатлар ўзаро савдони кенгайтириш ва маҳсулотлар учун янги бозорларни очишда муҳим роль ўйнайди.

Перак валиаҳд шаҳзодаси Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлари билан Перакнинг тарихий ва диққатга сазовор жойлари ўртасида туризм маршрутларини ташкил этиш, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Таълим йўналишидаги ҳамкорлик алоқаларини, жумладан талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурлари, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Ража Жафар Ўзбекистон, унинг иқтисодиёти, маданияти ва урф-одатлари билан атрофлича қизиқиб, келгусида мамлакатимизга расмий ташриф буюришини маълум қилди.

Перак Малайзия ярим оролининг шимолий қисмида жойлашган штатларидан бири ҳисобланади. Ҳудуди 21 минг кв. км.ни ташкил этади. Аҳолиси 2,54 миллион киши. 2024 йилда штат иқтисодиёти 20,5 миллиард доллар ва аҳоли жон бошига ҳудудий ички маҳсулот 9,3 минг долларни ташкил этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш