Logo

Ўзбекистон ва Покистон тарихчи олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди

Октябрь 02, 2025. 12:25 • 3 дақ

62
Ўзбекистон ва Покистон тарихчи олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди

ИСЛОМОБОД, 2 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз Исломобод элчихонаси ва Покистоннинг "Muslim Institute" таҳлилий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, профессор Азамат Зиё бошчилигидаги делегациянинг ушбу мамлакатга сафари амалга оширилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар доирасида тарих, маданият, маънавият ва замонавий илмий ҳамкорлик масалалари бўйича қатор учрашувлар, халқаро конференциялар ва маданий тадбирлар ташкил этилди.

Ташрифнинг дастлабки куни олимларимиз Равалпиндидаги Эрон Маданий Маркази кутубхонасига ташриф буюриб, Шарқ ва Ислом цивилизациясига оид ноёб қўлёзмалар билан танишдилар. Шунингдек, тарихчилар Маргала қирлари, Муррей шаҳри ва ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатидаги Таксила археологик марказини зиёрат қилдилар.

Шундан сўнг делегация элчихона ҳамда Покистоннинг "Muslim Institute" ҳамкорлигида ташкил этилган "Ўзбекистон ва Покистон: муштарак маданий тарих" мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди. Мазкур тадбирда покистонлик таниқли тарихчи олимлар, тадқиқотчи мутахассислар, Исломобод шаҳридаги дипломатик корпус, маҳаллий ОАВ вакиллари ҳам қатнашди.

Унда икки мамлакат олимлари тарихий алоқалар, суфийлик мероси ва маданий ҳамкорлик истиқболларига мавзусида маърузалар қилдилар.

Куннинг иккинчи ярмида ўзбекистонлик олимлар "Muslim Institute" раҳбарияти билан учрашиб, илмий ҳамкорлик ва қўшма тадқиқотларни амалга ошириш масалалари хусусида фикр алмашдилар. Учрашув якунида томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Бобурийлар сулоласи тарихини янада чуқурроқ ўрганиш, Покистон ҳудудидаги қадимий ёдгорлик ва обидалар ҳақидаги маълумотлар сақланаётган архивларни, қўлёзмаларни таҳлил қилиш ва унинг асосида ҳамкорликда янги тарихий асарлар, фильмлар яратиш мақсадида икки давлат тарихчи олимларининг Маданий марказини очиш таклиф этилди.

Ташриф дастурининг иккинчи қисмида делегация аъзолари Лаҳор шаҳрига сафар қилиб, Каллар-Каҳарда жойлашган "Бобур тахти" деб номланувчи манзилгоҳни, Бадшоҳий масжиди, Лаҳор қалъаси, Аллома Муҳаммад Иқбол мақбараси ва кутубхонасини зиёрат қилдилар.

Покистон Маънавият институтида ҳам (Idara-i-Nazria Pakistan) "Покистон-Ўзбекистон: муштарак маданий тарих" номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Покистон олимлари маънавий мерос ва миллий ғоялар борасида фикр алмашдилар.

Ўзбекистонлик олимлар Бобурийлар сулоласи тарихи мавзусида маъруза қилдилар ва покистонлик ҳамкасбларини қўшма тадқиқотларга чорладилар.

Мамлакатимиз олимлари, шунингдек, Бобурийлар сулоласи тарихи, Зебуннисо ва Аллома Иқбол шеъриятига бағишланган маданий кечада қатнашдилар.

Сафар доирасида тарихчилар Панжоб архиви раҳбарияти ва мутахассислари билан ҳам учрашди. Унда Бобурийлар сулоласи даврига оид ноёб қўлёзмаларни ҳамкорликда ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Сафарнинг амалий қисми доирасида олимларимиз Шоҳдара мақбаралари, Шалимар боғлари, Вазирхон масжиди ва Шоҳий Ҳаммоми ва бошқа маданий ёдгорликлар билан танишдилар.

Ташриф давомида Ўзбекистон ва Покистон олимлари музейлар, архивлар ва кутубхоналар билан алоқалар ўрнатиш, қўшма илмий тадқиқотлар ва маданий дастурларни амалга ошириш борасида ҳам музокаралар олиб борди. Бу жараённи тизимли ташкил этиш учун махсус "йўл харитаси" ишлаб чиқилишига келишилди.

Ташриф давомидаги учрашувлар ва тадбирлар мамлакатларимиз олимлари ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берди ва қардош халқларнинг муштарак меросини янада чуқурроқ ўрганишга замин яратди.

Тарихчиларимизнинг Покистонга ташрифи халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва маънавий яқинликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши, икки қардош мамлакат илмий-маданий муносабатларини янги поғонага олиб чиқиши шубҳасиздир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш