Ўзбекистон ва Покистон телерадиокомпаниялари ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди
Июль 14, 2025. 16:23 • 2 дақ
• 104
ИСЛОМОБОД, 14 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида жорий йилнинг 8-12 июль кунлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси делегациясининг Покистонга амалий сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари сафар доирасида Покистон Ахборот вазирининг биринчи ўринбосари – Покистон телевизион корпорацияси (PTV) бошқарувчи директори Амбрин Жан, Ахборот вазирлиги Ташқи тарғибот департаменти ижрочи директори Раиса Адил хоним, Электрон медиа ва нашрлар департаменти бош ижрочи директори Самина Фарзин хоним, Покистон радиоэшиттириш корпорацияси бош директори Саид Аҳмад Шайх, шунингдек, "HUM TV", "Green" ва "Discover Pakistan" каби йирик хусусий телеканаллар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Учрашувларда икки мамлакат ахборот маконларида Ўзбекистон ва Покистон тўғрисида холис ва долзарб маълумотларни кўпайтириш, ахборотлар, телевизион контентлар, мусиқий дастурлар алмашинуви, фильм ва телесериалларни дубляж қилиш ва эфирга узатиш, шунингдек, ҳамкорликда янги телефильм ва сериаллар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар икки халқ ўртасидаги ахборот алоқаларини мустаҳкамлаш орқали иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш, туризм ва инвестицион ҳамкорликни рағбатлантириш имкониятларини кенгайтириш зарурлигини қайд этишди.
Шу мақсадда, томонлар икки мамлакат туризм салоҳиятини, маданий меросини, тарихий қадамжолари ва маданий объектларини тарғиб қилувчи видеоматериалларни бир-бирига тақдим этди.
"PTV" раҳбари Амбрин Жан билан кечган мулоқот чоғида 2021 йилда имзоланган англашув меморандуми доирасидаги фаолиятни жонлантириш, расмий ва ишончли ахборотларни ўзаро тарқатиш борасида келишувга эришилди.
Ташқи тарғибот департаменти ижрочи директори Раиса Адил ҳамда Электрон медиа ва нашрлар департаменти бош ижрочи директори Самина Фарзин билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида фильм ва сериалларни дубляж қилиш, ҳужжатли фильмлар, маданий дастурларни алмашиш, икки мамлакатда ўтказиладиган кинофестивалларда иштирок этиш ва миллий фильмлар ҳафталикларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Radio Pakistan раҳбарияти билан музокараларда икки мамлакат миллий ва замонавий мусиқаларни эфирга узатиш, "олтин фонд"даги мусиқий асарлар бўйича маълумот алмашиш бўйича келишувларга эришилди.
"HUM TV", "Green" ва "Discover Pakistan" телеканаллари билан учрашувларда телефильмлар ва сериалларни ўзбек ва урду тилларига ўгириш, санъаткорлар иштирокида маданий лойиҳалар суратга олиш, туристик ва маданий объектларга бағишланган видеомаҳсулотлар тайёрлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди, контент каталоглари билан ўзаро алмашиш юзасидан келишиб олинди.
Ўзбекистон МТРК делегациясининг Покистонга ташрифи ахборот ва медиа соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди