Logo

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Бутунжаҳон ислом уюшмаси минтақавий директори билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Октябрь 29, 2023. 08:32 • 2 дақ

169
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Бутунжаҳон ислом уюшмаси минтақавий директори билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

АР-РИЁЗ, 29 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистони пойтахтида Бутунжаҳон ислом уюшмаси  минтақавий директори Абдуллоҳ бин Раҳматуллоҳ билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув давомида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ҳамда Орол денгизи минтақасида жойлашган аҳоли пунктларига Саудия Арабистонининг гуманитар ва молиявий-техник ёрдамини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.


Абдуллоҳ бин Раҳматуллоҳ Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама муносабатлар давлатимиз раҳбарининг 2022-2023 йилларда ушбу мамлакатга амалга оширган расмий ташрифидан сўнг янада тараққий этиб бораётганини ва ҳамкорлик кўлами тубдан ўзгараётганини таъкидлади. У, шунингдек, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон халқининг турмуш даражасини янада ошишига хизмат қилаётганини қайд этди.


Мулоқот чоғида мамлакатимизда барпо этилган Президент ва ихтисослаштирилган мактабларни замонавий техникалар, шифохоналарни тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда Орол денгизи минтақаси аҳолиси учун беғараз молиявий кўмак кўрсатиш, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож фуқароларимизга бепул юрак, суяк ва кўз жарроҳлик операцияларини амалга ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.


Бўлиб ўтган учрашув якунида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бутунжаҳон ислом уюшмаси вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этиш, саудиялик жарроҳлар гуруҳини Ўзбекистонга юбориш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги шифохоналарга замонавий тиббиёт ускуналарни беғараз етказиб бериш бўйича имкониятларни ўрганиш бўйича келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш