Ўзбекистонлик ҳунармандлар Лондондаги халқаро ҳафталикда қатнашишни режалаштирмоқда
Август 13, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 78
ЛОНДОН, 13 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов, “London Craft Week” ташкилий қўмитаси вакили Ариана Анкакрона-Кейн ҳамда Буюк Британиядаги Ўзбек маданияти элчиси Шахина Миржонова иштирокида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мулоқот давомида 2027 йил 11–17 май кунлари Лондонда бўлиб ўтадиган “Лондон ҳунармандлар ҳафталиги” (London Craft Week) халқаро ҳафталигида ўзбек ҳунармандларининг иштироки ва ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг бой ҳунармандчилик анъаналари, миллий амалий санъат намуналарини халқаро майдонда кенг намойиш этиш, ўзбек усталарининг нуфузли фестиваль доирасидаги иштирокини юқори савияда ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар мазкур йўналишдаги ҳамкорликни давом эттириш, тадбирда иштирок этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва зарур чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олди.
“Лондон ҳунармандлар ҳафталиги” ҳар йили ўтказиладиган халқаро фестиваль бўлиб, у анъанавий ҳунармандчилик ва замонавий дизайн намуналарини намойиш этишга бағишланган. Фестиваль доирасида кўргазмалар, маҳорат дарслари, очиқ студиялар, маърузалар ва тақдимотлар ташкил этилади.
Учрашувларда дунёнинг турли мамлакатларидан келган таниқли ҳунармандлар, дизайнерлар, галерея ва музейлар вакиллари ҳамда етакчи брендлар иштирок этади.
Мазкур тадбир маданий меросни асраб-авайлаш, инновацион ёндашувларни рағбатлантириш ва халқаро ижодий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдон ҳисобланади. Жорий 2026 йилда ўтказилган фестивалда 35 та мамлакатдан 1000 дан зиёд ҳунарманд ва ижодкор қатнашган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси