Logo

Сирдарё–Шэньчжэнь ўртасида инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар имзоланди

Апрель 03, 2026. 12:41 • 2 дақ

203
Сирдарё–Шэньчжэнь ўртасида инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар имзоланди

ШЭНЬЧЖЭНЬ, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Шэньчжэнь шаҳрида ўтказилган йирик савдо-иқтисодий ва инвестиция форумида фаол қатнашди.

Мазкур тадбир мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси, Гуанчжоудаги Бош консулхонаси ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди. Унда кўплаб хитойлик компаниялар, маҳаллий ишбилармон доиралар вакиллари, провинция расмийлари ва савдо-саноат палаталари аъзолари иштирок этди. Анжуман ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.

Форум иштирокчиларига ҳудудда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, Сирдарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти, устувор тармоқлари ҳамда эркин иқтисодий ва саноат зоналаридаги имкониятлар ҳақида батафсил тақдимотлар намойиш этилди.

Музокаралар давомида ўзаро манфаатли қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувларга эришилди. Хорижий компаниялар вакиллари мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Ташриф доирасида, Шэньчжэнь шаҳрининг етакчи корхоналари раҳбарлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ишлаб чиқариш, логистика ва инновацион технологиялар соҳаларидаги истиқболлар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, “Fufeng Electronic Technology”, “Shenzhen Guangsheng Sports”, “Donghua Electronic Technology”, “Aimeite Electric”, “Dongwan Libao Resin”, “Beiyujun Intelligent Technology”, “Shenzhen Yuchuan Group”, “Kaisbo Elevator”, “Qingyuan Xuerui” ҳамда “Shenzhen Haiduo Logistics” компаниялари вакиллари мулоқотда фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

Йирик саноат ва технология компаниялари билан ўтказилган учрашувларда замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, сув таъминоти тизимини такомиллаштириш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш бўйича аниқ режалар кўриб чиқилди. Хитойлик ҳамкорлар лойиҳаларни жойида ўрганиш мақсадида яқин вақт ичида Сирдарё вилоятига ташриф буюриш ниятларини билдирди.

Музокаралар якунида сув маҳсулотларини етиштириш ва электротехника соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Делегациянинг Хитойга хизмат сафари давом этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш