Ўзбекистон элчиси Испаниянинг Алмерия провинция иссиқхоналар тажрибасини ўрганди
Апрель 02, 2026. 12:51 • 2 дақ
• 43
АЛМЕРИЯ, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Испаниянинг Андалусия автоном ҳудуди Алмерия провинциясига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташрифнинг асосий мақсади – Алмериядаги замонавий иссиқхона тажрибасини ўрганиш ва уни мамлакатимизнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида жорий этиш имкониятларини кўриб чиқишдан иборат бўлди.
Учрашувлар давомида Викар муниципалитети мэри ҳамда қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан мулоқотлар бўлиб ўтди.
Суҳбат жараёнида иссиқхона қурилиши, плёнка ишлаб чиқариш, агрономия, қадоқлаш ва экспорт йўналишларида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Викар муниципалитети мэри Антонио Бонилла билан мулоқот жараёнида иссиқхона сабзавотчилигини ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, қурғоқчил ҳудудларда ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилинди.
Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ва Викар муниципалитети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди. Ҳудудлар иқлим ва шароит жиҳатидан – қурғоқчил иқлим, сув танқислиги, юқори қуёш фаоллиги ўхшаш экани таъкидланди.
Алмериядаги йирик компаниялардан бири “Sevilla Torres” билан ҳам музокаралар ўтказилди. Маълумот учун, ушбу компания 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, Европа, Шимолий Африка ва Яқин Шарқда йирик иссиқхона мажмуаларини қуриш билан шуғулланади.
Компания вакиллари замонавий технологиялар асосида табиий вентиляцияли иссиқхоналар, иссиқ иқлимга мос конструкциялар, пассив совутиш тизимлари, мавжуд иссиқхоналарни модернизация қилиш лойиҳаларини амалга ошираётганини маълум қилди
Музокараларда Сурхондарёда иссиқхона кластерини ташкил этиш, харажатларни камайтириш ва лойиҳаларни маҳаллий иқлимга мослаштириш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, элчи ташриф давомида Европадаги йирик полимер материаллар ишлаб чиқарувчи “Armando Álvarez Group” таркибига кирувчи “Sotrafa” корхонаси, муҳандислик-агрономия йўналишидаги “Future Farm Solutions”, қадоқлаш технологиялари ва экспорт ечимлари бўйича “Eurosol” компаниялари ҳамда “Coexphal” ишлаб чиқарувчилар уюшмаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси