Мадридда Тошкент вилояти ва испан тадбиркорлари ўртасида янги келишувларга эришилди
Май 14, 2026. 17:25 • 2 дақ
• 34
МАДРИД, 14 май. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Испанияга ташрифи доирасида испан компаниялари билан инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Испан ишбилармонлари билан бўлиб ўтган музокараларда онлайн форматда вилоятдаги йирик тўқимачилик корхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди. Унда ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорларига олиб чиқиш, испан инвесторлари ва тадбиркорлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, хомашё ва тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Маҳсулотларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш, дизайн ва брендинг соҳаларида тажриба алмашиш, маҳсулотларни Европа истеъмолчилари талабларига мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Испан томони Тошкент вилоятидаги тўқимачилик кластерлари фаолиятига қизиқиш билдирди. Ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳиятини юқори баҳолади ҳамда қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш мақсадида Европа компаниялари иштирокида бизнес-учрашувлар ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
Шунингдек, Мадрид шаҳрида сув ресурсларини бошқариш ва саноат оқова сувларини қайта ишлашга ихтисослашган “Water Challenge” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида делегация вакиллари Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш ва оқова сувларни қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Томонлар қатор йўналишларда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, тоғ-кон ва металлургия саноатида сувдан қайта фойдаланиш, Чорвоқ ва Бўстонлиқ туристик ҳудудларида экологик хавфсиз “ақлли” сув тозалаш мажмуаларини яратиш, коллектор-дренаж сувларини тозалаш ва улардан қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланиш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Испан компанияси амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар, жумладан, Уэльва портидаги чиқиндисиз сув тозалаш синов заводи, Словакияда тоғ-кон саноатида жорий этилган экологик ечимлар ҳақида тақдимот қилди.
Учрашувлар давомида Тошкент вилояти шароитида испан технологияларини жорий этиш имкониятларини янада ўрганиш, амалий лойиҳалар ишлаб чиқиш ва ўзаро манфаатли узоқ муддатли ҳамкорлик механизмларини шакллантириш бўйича келишувларга эришилди.
Бундай ташаббусларни амалга ошириш нафақат сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва саноатни ривожлантиришга, балки экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини илгари суриш ҳамда аҳоли ҳаёти сифатини оширишга ҳам хизмат қилиши таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




