“Avrupa Times”: ТДТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Октябрь 06, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 138
ЛОНДОН, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг “Avrupa Times” янгиликлар порталида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистоннинг ўрни тобора ортиб бораётганига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, ТДТ мамлакатларининг жами иқтисодий салоҳияти 2,1 триллион доллардан ошади. Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 2025 йилда 10,8 миллиард долларга етган.
Мақолада Ўзбекистоннинг умумий келишувлардан амалий ҳамкорлик механизмларига ўтишга қаратилган ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Янги иқтисодий имкониятлар макони”, Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгаши ҳамда Туркий давлатлар саноат альянсини ташкил этиш каби ташаббуслар жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.
Муаллиф транспорт йўлаклари, жумладан, Ўрта йўлак ҳамда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлини ривожлантириш, Туркий инвестиция жамғармаси негизида янги молиявий инфратузилмани шакллантириш стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлайди.
Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларидаги ташаббуслари, “Рақамли туркий йўлак концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва “Яшил трансформация” консорциумини тузиш таклифи алоҳида эътироф этилган.
Нашр хулосасида ТДТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга чиқаётгани қайд этилган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг фаол саъй-ҳаракатлари туркий макон салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш ва иқтисодий ўсишнинг янги драйверларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси