Logo

Ўзбекистон олимлари қишлоқ хўжалигида илмий инновацияларни жорий этиш бўйича Италия тажрибасини ўрганмоқда

Июнь 02, 2024. 13:18 • 2 дақ

218
Ўзбекистон олимлари қишлоқ хўжалигида илмий инновацияларни жорий этиш бўйича Италия тажрибасини ўрганмоқда

РИМ, 2 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон илмий-тадқиқот институтлари олимларидан иборат делегация қишлоқ хўжалигида бошқарув стратегияси ва инновацион ишланмаларни амалиётга самарали жорий этиш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Италияга борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур амалий сафар мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи кўмагида ташкил этилди.

Ташриф давомида юртимиз тадқиқотчилари Италия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва иқтисодий таҳлили кенгаши (КРЕА) илмий марказларида хорижлик ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказади ҳамда экспериментал майдонларда олиб борилаётган илмий изланиш жараёнларини кузатишади.

Италия тажрибасини ўрганиш жараёнида органик деҳқончилик, узумчилик, ўсимликлар ҳимояси, чорвачилик ва аквакультура, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, микробиология ва механизациялаш йўналишлари мутахассисларимизнинг диққат марказида бўлади.

Бир ҳафта давомида икки мамлакат тадқиқотчилари тупроқ эрозиясини бартараф этиш, сув танқислиги олдини олиш, ҳашаротларга қарши курашиш, биохилма-хилликни яхшилаш, қўшимча қиймат занжирини шакллантириш, чиқиндиларни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ амалиётлар бўйича фикр алмашади.

Италия Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва иқтисодий таҳлили кенгаши 1928 йилда ташкил этилган. Унинг таркибида турли қишлоқ хўжалиги тармоқларини қамраб олган 12 та илмий марказ фаолият юритади. Ушбу илмий муассаса умумий 5000 гектардан иборат 66 та экспериментал хўжалик майдонларига ҳам эга. Уларда 600 нафардан зиёд тадқиқотчи олимлар изланишлар олиб боради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш