Logo

"Made in Uzbekistan" ёрлиғи остидаги маҳсулотлар Екатеринбургда ўтаётган халқаро саноат кўргазмасида намойиш этиляпти

Июль 09, 2025. 18:36 • 48 сония

93
"Made in Uzbekistan" ёрлиғи остидаги маҳсулотлар Екатеринбургда ўтаётган халқаро саноат кўргазмасида намойиш этиляпти

ЕКАТЕРИНБУРГ, 9 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси жорий йилнинг 7-10 июль кунлари Екатеринбург шаҳрида ўтказилаётган "Иннопром" халқаро саноат кўргазмасида иштирок этди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

 "Иннопром" халқаро кўргазма майдонида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотларни қамраб олган "Made in Uzbekistan" стенди ташкил этилди.

Ўзбекистон павильонига Россия Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин ташриф буюрди. У юртимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик, электрон, электротехника, фармацевтика, чарм ва қурилиш маҳсулотларини юксак баҳолади.

Мамлакатимиз делегацияси аъзолари, шунингдек, "Иннопром" халқаро кўргазмасининг расмий очилиш маросимида ва кўргазма доирасида ташкил этилган бир қатор тадбирларда иштирок этишди.

Жумладан, Ўзбекистон делегацияси раҳбари "Иннопром" халқаро саноат кўргазмаси доирасида ташкил этилган ялпи мажлисда сўзга чиқди. Иштирокчиларга мамлакатимиз тараққиётида кузатилаётган ижобий тенденциялар, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, фармацевтика, биология, тоғ-кончилик ва бошқа жабҳаларда эришилган юксак натижалар ҳақида сўзлаб берилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-сотиқ, экспорт ва импортнинг бугунги ҳолатига эътибор қаратилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш