Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари учун инглиз тилини ўргатиш бўйича махсус марказ очилади
Июнь 12, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 145
ЛОНДОН, 12 июнь. /“Дунё” АА/. Самарқанддаги “Meros Pharm” компанияси ҳамда Буюк Британиянинг “Specialist Language Courses (SLC)” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур келишув доирасида Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида фаолият юритаётган мутахассисларнинг инглиз тили бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш, халқаро стандартларга мос таълим дастурларини йўлга қўйиш, малака ошириш курслари ҳамда махсус тренингларни ташкил этиш назарда тутилган.
Тадбир давомида Буюк Британия Бизнес ва савдо вазирлигининг Соғлиқни сақлаш бўйича ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дэвид Шеппард билан икки томонлама учрашув ўтказилди.
Мулоқот чоғида британиялик вакил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳолаб, ушбу жараёнларга Буюк Британиянинг етакчи компаниялари, университетлари ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари катта ҳисса қўшишга тайёр эканини маълум қилди.
Имзоланган мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Буюк Британия ташкилотлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тиббий таълим ва фармацевтика соҳаларидаги шериклик муносабатларини янги босқичга кўтариш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
“Specialist Language Courses (SLC)” Буюк Британияда жойлашган нуфузли таълим ташкилоти бўлиб, тиббиёт соҳасига ихтисослаштирилган инглиз тили таълими йўналишида дунё бўйлаб шифокорлар, ҳамширалар, фармацевтлар ҳамда педагогларга хизмат кўрсатади. Ушбу халқаро ташкилот таклиф этадиган дастурлардан бугунги кунда дунёнинг 75 дан ортиқ мамлакатидаги тиббиёт олийгоҳлари, ҳамширалик коллежлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари кенг фойдаланиб келмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси