Ўзбекистон болалар соғломлаштириш лагерлари ва "Океан" Бутунроссия маркази ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади
Август 18, 2025. 17:11 • 2 дақ
• 251
ВЛАДИВОСТОК, 18 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Приморск ўлкасидаги "Океан" Бутунроссия болалар маркази раҳбарияти билан учрашдилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Дипломатлар дастлаб болалар учун ташкил этилган тўгараклар, спорт заллари, ётоқхоналар, ошхоналар ва лагернинг бошқа иншоотлари билан танишдилар. Марказга ўзбекистонлик болаларни жалб қилиш, лагерь ҳудудида Ўзбекистон бурчагини ташкил этиш, соҳа вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, маҳорат дарслари ўтказиш ва бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Россия Таълим вазирлиги таркибига кирувчи "Океан" Бутунроссия болалар маркази 1984 йилда ташкил этилган ва у мамлакатнинг энг машҳур оромгоҳларидан бири ҳисобланади. Марказ йил давомида узлуксиз ишлайди. Ҳар йили мактаб ёшидаги болалар бу ерда дам олишади, улардан мингдан ортиғи хорижий мамлакатлар вакилларидир. Айни пайтда марказда ўзбекистонлик йигирма бир нафар бола ҳордиқ олмоқда.
"Океан" лагери раҳбарияти билан учрашув якунида Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини ушбу оромгоҳга жалб қилиш, лагерь кутубхонасига юртимизда нашр этилган китобларни бепул тақдим этиш, лагерда ўзбек фильмлари ҳафталигини ўтказиш масалалари келишиб олинди.
Бундан ташқари, томонлар лагерь ҳудудида жойлашган кулолчилик мактабида ўзбек кулоллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиш ва Ўзбекистондаги болалар оромгоҳлари ва "Океан" лагери ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси