Ҳиндистоннинг йирик компанияси Ўзбекистондаги аэропортлар инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилмоқда
Октябрь 24, 2023. 16:19 • 2 дақ
• 386
ДЕҲЛИ, 24 октябрь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг «GMR Group» компаниясининг карго ва логистика бўйича бош ижрочи директори Санжив Эдвард бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Сафар давомида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, «Uzbekistan Airports» АЖ, «Навоий» халқаро аэропорти раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Компания раҳбари Санжив Эдвард Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, «GMR Group» компанияси мамлакатимиз билан самарали алоқалар ўрнатишга тайёрлигини таъкидлади. У, шунингдек, авиация соҳасини янада ривожлантириш, жумладан, йўловчи ва юк ташиш марказларини стратегик жиҳатдан такомиллаштириш ишларига ҳисса қўшишга қизиқиш билдирди.
Музокаралар чоғида «Навоий» халқаро аэропортининг салоҳияти ва қуруқлик орқали бошқа ҳудудлар билан боғланганлиги, юкларни сақлаш ва терминалларга етказиб бериш, тушириш ва юклаш бўйича имкониятлари ушбу объектни ҳаво орқали юк ташиш халқаро марказига айлантириш учун қулай шароит яратиши алоҳида қайд этилди.
Ушбу аэропорт негизида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ҳаво орқали юк ташиш марказини (Air Cargo Hub) барпо этиш, Ўзбекистон аэропортларини кенгайтириш, уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш, юк ташиш терминаллари имкониятларини замон талаблари даражасида яхшилаш, иш жараёнини рақамлаштириш ва илғор ахборот технологияларини жорий қилиш, бошқа долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
«GMR Group» энергетика, аэропортлар, инфраструктура қуриш йўналишларидаги компанияларни ўз таркибида бирлаштирган йирик конгламератлардан бири ҳисобланади. Компания Ҳиндистоннинг Деҳли, Ҳайдаробод ва Гоа шаҳарларида жойлашган ҳаво портлари ҳамда Филиппиннинг «Mactan Cebu» халқаро аэропорти йўловчи ва юк терминалларини қайта қуриш ишларини амалга оширган. Бугунги кунда Андҳра Прадеш штатидаги «Bhogapuram», Карнатакадаги «Bidar», Грециядаги «New Heraklion» халқаро аэропортларни такомиллаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси