Logo

Ўзбекистон Эрон билан ипакчилик ва гиламдўзлик соҳасида ҳамкорлик қилади

Сентябрь 21, 2025. 12:57 • 1 дақ

76
Ўзбекистон Эрон билан ипакчилик ва гиламдўзлик соҳасида ҳамкорлик қилади

ТЕҲРОН, 21 сентябрь. "Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси раиси Икром Сайфуллаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Эронга ташрифи уюштирилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Эрон миллий гилам марказида икки томонлама музокаралар ўтказди.

Унда Эрон томонидан Қўлда тикилган гиламлар олий бошқарув кенгаши раиси Яҳё Эл-Исҳоқ, Миллий гилам маркази раиси Заҳро Камоний, Миллий гилам маркази раисининг саноат бўйича ўринбосари Ясир Ханафий, Гиламчилик олий кенгаши котибияти мудири Муҳаммад Ризо Нурий, Таълим гуруҳи раҳбари Фариборз Нурпаноҳ, Гиламчилик материаллари савдоси гуруҳи раиси Нодир Ҳамд Ҳусейний, Қум шаҳри гиламчилик уюшмаси раиси ўринбосари Жавад Илёсий, Ипак толаси ишлаб чиқарувчиси Муҳаммад Жучиян, Гиламлар дизайни ва санъати бўлими бошлиғи Муртазо Акамирий, Эрон-Ўзбекистон қўшма савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Алиризо Саней Никободий иштирок этди.

Томонлар икки мамлакат ўртасида ипакчилик ва гиламчилик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Эрон томони сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакатимизда ипакчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. Ўзбекистон ипакчилик соҳасида Хитой ва Ҳиндистон каби дунёнинг етакчи ипак етиштирувчи мамлакатларидан бирига айлангани қайд этилди.

Музокаралар якунида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш мақсадида ипакчилик ва гиламчилик соҳасида қўшма кўргазмалар ташкил этиш ва делегациялар ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш