Ўзбекистон ва БАА ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олди

Июль 30, 2026. 20:15 • 2 дақ

85
Ўзбекистон ва БАА ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олди

АБУ-ДАБИ, 30 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз дипломатлари Шаржа халқаро хайрия жамияти раиси ўринбосари Муҳаммад Рашид Беят билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида SCI раҳбариятига Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий хизматларнинг шаффоф ва рақамлаштирилган янги тизими ҳамда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, юртимизда амалга оширилиши кўзда тутилган устувор грант лойиҳалари тақдимот қилинди. Ушбу лойиҳалар таълим, соғлиқни сақлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш каби муҳим йўналишларни қамраб олади.

Музокара якунида томонлар амалий ҳамкорликнинг кейинги босқичлари бўйича келишувга эришдилар. Жумладан, SCI грант маблағлари ажратилиши мумкин бўлган лойиҳаларни саралаб оладиган бўлди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, тегишли келишувларни имзолаш мақсадида SCI раҳбарияти ва мутахассисларининг 2026 йил сентябрь–октябрь ойларида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.

Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилган ижтимоий лойиҳалар учун халқаро грант маблағларини жалб қилишда муҳим қадам бўлди.

SCI 1989 йилда Шаржа амири шайх Султон бин Муҳаммад Ал Қосимий ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда БААнинг энг йирик хайрия ташкилотларидан бири ҳисобланади. Ташкилот ижтимоий ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида гуманитар лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш