Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари Мерсин да янги шериклик лойиҳаларини кўриб чиқди
Июль 30, 2026. 20:17 • 2 дақ
• 37АНҚАРА, 30 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон ишбилармонларидан иборат делегациянинг Мерсин вилоятига хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбиркорлар сафар давомида қатор учрашув ва бизнес-форумларда қатнашди, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда логистика объектлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Мерсин Савдо ва саноат палатаси раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилган бизнес-форумда деҳқончилик, логистика, ветеринария ва иссиқхона хўжалиги йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан фикр-мулоҳаза алмашилди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, логистика харажатларини камайтириш ҳамда экспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ишбилармонлар Мерсин вилояти Ўзбекистон маҳсулотларини Туркия, Европа ва Яқин Шарқ бозорларига олиб чиқишда муҳим логистика маркази экани, ушбу ҳудуд имкониятларидан унумли фойдаланиш экспорт географиясини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Мулоқот чоғида Мерсин Савдо ва саноат палатаси раҳбарияти ҳамда ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегациянинг жорий йил ноябрь ойида Самарқандга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, ташриф давомида Туркиядаги Мерсин эркин иқтисодий зонаси (“MESBAŞ”) фаолияти билан яқиндан танишилди. Савдо айланмаси 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу зонада 330 дан ортиқ компания фаолият юритади ва маҳсулотлар дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинади.
Ўзбекистондаги “Dena” шарбатлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компания вакиллари “MESBAŞ” раҳбарияти билан музокаралар олиб борди. Вакилларимиз маҳсулотларини Туркия ва Европа бозорларига етказиб беришни ривожлантириш мақсадида “MESBAŞ” ҳудудидаги омборхона инфратузилмасидан фойдаланиш ҳамда майдонларни ижарага олиш имкониятига қизиқиш билдирди.
Ташриф якунлари бўйича савдо, инвестиция, саноат кооперацияси ва логистика соҳаларидаги амалий ҳамкорликни изчил давом эттириш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.
Мерсин вилояти 8,4 миллиард АҚШ долларлик экспорт ҳажми билан Туркиянинг энг йирик экспорт ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ҳудуд мамлакатнинг асосий денгиз дарвозаси саналади. 2,2 миллион нафардан ортиқ аҳолига эга ушбу вилоят ташқи савдо ҳамда логистика соҳасида муҳим ўрин тутади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


