Ўзбекистон ва Покистон индустриал соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Апрель 12, 2026. 09:55 • 2 дақ
• 163
ИСЛОМОБОД, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг етакчи саноат гуруҳларидан бири “JHK Group of Companies” компанияси директори Науман Афради билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат аввалида иштирокчилар Покистон компанияси делегациясининг 2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга амалга оширган амалий ташрифи якунларини муҳокама қилди. Ушбу сафар доирасида компания вакиллари Соғлиқни сақлаш, Инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда Қурилиш вазирликларида, қатор тармоқ ташкилотлари раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказган эди.
Хоразм вилоятидаги “HVARA Pharma” ва “Shifu Pharma” фармацевтика корхоналарига ташриф буюрилгани ва у ерда қўшма ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилганига алоҳида эътибор қаратилди. Ташрифнинг муҳим натижаси сифатида Ўзбекистоннинг “NovaInvest” компанияси билан ўзаро англашув меморандуми имзолангани қайд этилди.
Жорий музокаралар давомида Покистон томони турли ҳажмдаги инфузион эритмаларни Ўзбекистонга етказиб беришни ташкил этиш режаларини маълум қилди. Келгусида компания ушбу препаратларни бевосита республиканинг ўзида маҳаллийлаштиришни мақсад қилган. Мазкур маҳсулотлар тиббиёт амалиётида сувсизланиш, инфекцион касалликлар ва бошқа патологияларни даволашда кенг қўлланилади.
Шу билан бирга, томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларини Покистон бозорига экспорт қилишни кўпайтириш масаласига тўхталиб, ушбу секторда ҳали фойдаланилмаган юқори салоҳият мавжудлигини таъкидлади.
Шунингдек, узоқ муддатли шерикликнинг устувор йўналишлари, жумладан, инвестиция лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш, йўл инфратузилмаси соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг махсус саноат зоналарида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш масалалари белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси