Logo

“Ariana News”: Афғонистон ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқаларни кенгайтиради

Апрель 10, 2026. 10:27 • 2 дақ

141
“Ariana News”: Афғонистон ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқаларни кенгайтиради

МОЗОРИ-ШАРИФ, 10 апрель. /“Дунё” АА/. Афғонистоннинг “Ariana News” нашрида “Афғонистон ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Афғонистон пойтахтида мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Нур Жалол Жалолий ва Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Абдулла Азизов ўртасида музокаралар бўлиб ўтган.

Томонлар дори воситаларининг ўзаро савдосини кенгайтириш механизмларини ҳамда Афғонистон ҳудудида ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга инвестицияларни жалб қилиш йўлларини муҳокама қилган.

Мақолада тиббий туризмни ривожлантириш, хусусан, республикамизнинг замонавий клиникаларида ташхис қўйиш ва даволаниш истагида бўлган қўшни давлат фуқаролари учун тартиб-таомилларни осонлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, тиббиёт ходимлари учун малака ошириш дастурларини ташкил этиш ва техник тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилган.

Шунингдек ўқинг

Учрашув давомида Нур Жалол Жалолий аҳолини сифатли препаратлар билан таъминлаш ва замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш устувор вазифа эканини таъкидлади. Унинг фикрича, икки давлатнинг яқин мувофиқлашуви ижтимоий эҳтиёжларга самарали жавоб бера оладиган барқарор тизимни шакллантириш имконини беради.

Ўз навбатида, Абдулла Азизов Ўзбекистон томони мулоқотни чуқурлаштиришга тайёр эканини билдирган. Тошкент нафақат тайёр маҳсулотлар экспортини амалга ошириш, балки технологиялар трансферини таъминлаш ҳамда шерикларга ҳар томонлама техник ёрдам кўрсатиш ниятида экани қайд этилган.

Мақола якунида тиббиёт ва фармация соҳасидаги узоқ муддатли шериклик учун пойдевор бўлиб хизмат қиладиган, аввал имзоланган Ўзаро англашув меморандуми қоидаларини амалий ижро этиш муҳимлиги таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш