Logo

Ўзбекистон ва Польшанинг машҳур брендлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилади

Апрель 11, 2026. 12:00 • 2 дақ

84
Ўзбекистон ва Польшанинг машҳур брендлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилади

ГДАНЬСК, 11 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари Марказий ва Шарқий Европадаги энг йирик кийим-кечак ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган “LPP S.A.” компаниясининг Гданьск шаҳридаги бош офиси фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида дипломатлар компаниянинг юқори даражада автоматлаштирилган логистика ва дистрибуция инфратузилмаси билан яқиндан танишди.

Компания бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари Славомир Лобода билан ўтказилган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Ўзбекистонда машҳур брендлар остида маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва янги инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар чоғида Славомир Лобода Ўзбекистонда тўқимачилик саноати салоҳияти юқори эканини эътироф этиб, амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Яқин истиқболда Польша компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва “LPP S.A.” брендларини Ўзбекистон бозорига жалб қилиш бўйича мунтазам мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

1991 йилда ташкил этилган “LPP S.A.” компанияси “Reserved”, “Cropp”, “House”, “Mohito”,“Sinsay” каби дунёга машҳур брендлар эгаси ҳисобланади. 2025 йилги йиллик айланмаси қарийб 6,5 миллиард еврони ташкил этган компаниянинг 40 дан ортиқ мамлакатда 3400 дан зиёд савдо нуқталари мавжуд. Гданьскдаги логистика маркази ҳафтасига 9 миллион донагача маҳсулот тарқатиш қувватига эга бўлиб, минтақадаги энг замонавий мажмуалардан бири саналади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш