Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – туркий дунёнинг энг яхши музейи сифатида эътироф этилди
Апрель 11, 2026. 16:07 • 3 дақ
• 469
ТОШКЕНТ, 11 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ томонидан “Туркий дунёнинг энг яхши музейи” деб эътироф этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу ҳақда ташкилот Бош котиби Султон Раев Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция доирасида маълум қилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қисқа муддатларда бунёд этилган мазкур Марказ бугунги кунда нафақат меъморий жиҳатдан ноёб иншоот, балки Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини боғловчи рамзий кўприк сифатида ҳам юксак баҳоланмоқда. У ўзининг концепцияси, мазмун-моҳияти ва илмий-маърифий йўналиши билан ислом цивилизациясининг бунёдкорлик ва маърифатпарварлик салоҳиятини яққол намоён этмоқда.
Султон Раев Марказ раҳбариятига “Энг яхши музей” сертификатини тантанали равишда топширар экан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом цивилизацияси меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳон миқёсида тарғиб этишга қаратилган сиёсатини алоҳида эътироф этди:
— Ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори туфайли бугунги кунда Амир Темур мероси ва ислом маданияти чуқур ўрганилмоқда. Янги илмий ва бадиий асарлар яратилмоқда, замонавий илмий-маърифий марказлар барпо этилмоқда. Мен ишонч билан айта оламанки, дунёда бу каби марказнинг ўхшаши йўқ. Бу, шубҳасиз, Учинчи Ренессанс ғояларининг ёрқин ифодасидир. Баъзан дунёда фақат баёнотлар билан чекланилади. Аммо Ўзбекистон амалий ишлари ва аниқ натижалари билан намуна кўрсатмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухалиқов ҳам ушбу юксак эътироф ҳақида ўз фикрларини баён қилди:
— Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари ва муаллифлик ғоялари асосида барпо этилган Марказимиз бугунги кунда туркий дунёнинг энг нуфузли мега-лойиҳаларидан бирига айланди. Унинг қурилишида давлатимиз раҳбари шахсан иштирок этиб, барча жараёнларга раҳбарлик қилди. Бугун ҳар бир ташриф буюрувчи меҳмон Марказдан бир олам таассурот билан қайтмоқда. Маълумки, ТУРКСОЙ — Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Туркия каби давлатларни бирлаштирган нуфузли халқаро ташкилот бўлиб, у кўпинча “Туркий дунёнинг ЮНЕСКО”си сифатида эътироф этилади. Бугунги кунда ушбу давлатлар музей мероси қарийб 1300 та музейни ўз ичига олади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ўзининг бунёдкорлик ғояси, мазмунан чуқур концепцияси ва инновацион ечимлари билан мазкур музейлар орасида алоҳида ўрин эгаллаб, ноёб маданий-илмий феномен сифатида намоён бўлмоқда.
Шунингдек, Ф.Абдухалиқов Марказ фаолиятига халқаро миқёсдаги қизиқиш ортиб бораётганини алоҳида қайд этди. Хусусан, Венгрия ҳукумати Марказ тажрибасини ўрганиш ва шунга ўхшаш лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорликка қизиқиш билдирган. Германиянинг Бавария ҳудуди раҳбарияти эса исломни маърифат орқали тарғиб қилишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилган.
Тадбир якунида ушбу мукофот Марказнинг юқори халқаро нуфузи, илмий ва маданий аҳамияти ҳамда туркий дунё миқёсидаги юксак эътирофининг ёрқин намунаси экани алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси