Ўзбекистон ва АҚШ мамлакатимизда транспорт инфратузилмаси, геология ва рақамлаштиришни ривожлантириш лойиҳаларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди

Июль 15, 2024. 10:32 • 2 дақ

1503
Ўзбекистон ва АҚШ мамлакатимизда транспорт инфратузилмаси, геология ва рақамлаштиришни ривожлантириш лойиҳаларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди

ТОШКЕНТ, 15 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов АҚШнинг Глобал инфратузилма ва инвестициялар бўйича ҳамкорликнинг махсус координатори вазифасини вақтинчалик бажарувчиси Ҳелайне Мац билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) telegram канали маълумотига кўра, суҳбат давомида томонлар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, геология ва рақамлаштириш лойиҳаларига хусусий молиялаштиришни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилишди.

Ушбу ташаббус 2022 йил июнь ойида бўлиб ўтган G7 саммитида АҚШ томонидан илгари сурилган. Мақсад ривожланаётган мамлакатларда сифатли инфратузилмани ривожлантириш учун инвестицияларни сафарбар қилишдир.

Шунингдек ўқинг

Ташаббус доирасида Қўшма Штатлар грантлар, федерал молиялаштириш ва хусусий сектор сармояларини жалб қилиш орқали беш йил давомида 200 миллиард долларгача, G7 мамлакатлари эса 600 миллиард долларгача маблағ ажратади. Ташаббусни амалга оширишда Жаҳон банки ва "BlackRock", "Brookfield", "Global Infrastructure Partners" каби хусусий инвестиция компаниялари иштирок этмоқда.

Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли долзарб масалалари, жумладан, инвестициялар киритиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича конструктив фикр алмашилди.

Учрашув якунида икки томонлама муносабатларнинг барча муҳокама қилинган йўналишлари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш