UNOOSA Ўзбекистон томонидан таклиф этилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди
Январ 23, 2025. 15:13 • 2 дақ
• 183
ВЕНА, 23 январь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида "Ўзбеккосмос" агентлиги вакиллари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Космос масалалари бўйича бошқармаси (UNOOSA) директорининг катта маслаҳатчиси Дрисс Эл-Хадани ўртасида видеоконференция шаклида учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва Ўзбекистоннинг космик технологиялар ҳамда илм-фан соҳасидаги халқаро шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда UNOOSA шафелигида халқаро конференция ўтказиш ташаббусларидан бири бўлди. Мазкур форум миллий иқтисодиётнинг турли масалаларини ҳал этиш ва бу борадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда космик технологияларнинг ролини муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланади.
Яна бир муҳим муҳокама мавзуси Тошкентда БМТнинг Марказий Осиёда Коинот фанлари, технологиялари ва таълим марказини ташкил этиш таклифи бўлди. Лойиҳа таълим ва илмий дастурларни ишлаб чиқиш, жумладан, масофадан зондлаш, сунъий йўлдош алоқаси, космик ҳуқуқ ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлашни назарда тутади.
Томонлар ушбу ташаббусларни янада илгари суриш учун қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олдилар.
UNOOSA директорининг катта маслаҳатчиси таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, уларнинг минтақа ва жаҳон ҳамжамияти учун аҳамияти муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг ташаббуслари мамлакатимизнинг космик технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва долзарб глобал муаммоларни ҳал қилиш учун амалий фанни ривожлантиришга интилишини тасдиқлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси