Ўзбекистон делегацияси Германиянинг Берлин ва Мюнхен шаҳарларида бўлди
Май 02, 2025. 09:24 • 2 дақ
• 149
БЕРЛИН, 2 май. / "Дунё" АА/. Жорий йилнинг 25-30 апрель кунлари ахборот-технологиялари соҳаси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси амалий сафар билан Германиянинг Берлин ва Мюнхен шаҳарларида бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташрифдан мақсад Германиянинг IT соҳасидаги рақамли саводхонлик, рақамли кўникмалар ва тадқиқотлар соҳасидаги илғор билим ва тажрибалари билан яқиндан танишиш, шунингдек, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, таълим соҳасида ёш мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, халқ дипломатиясини ривожлантириш ҳамда хорижда яшаётган ватандошларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.
Амалий сафар юртимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистон Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ва "Ўзбекистон–Германия" дўстлик жамияти кўмагида ташкил этилди.
Мюнхен шаҳрига ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорлик йўналишларига бағишланган бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилди. Хусусан, делегация вакиллари "Apple" компаниясида ишлаб чиқариш жараёни, Людвиг-Максимилиан университетида сунъий интеллект соҳасида олиб борилаётган таълим жараёнлари билан танишди. Шунингдек, делегация аъзолари дунёга машҳур "BMW" корхонасида ташкил этилган замонавий автомашиналар кўргазмада бўлиб, соҳага тадбиқ этилаётган янгиликлар ва илғор тажрибаларни кўздан кечирди. Ташриф чоғида IT тармоғида инновацион ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.
Мюнхен ташрифи доирасида ўзбек халқинининг маданий хилма-хиллигини, халқимиз қадриятларини кўрсатиш мақсадида Наврўз умумхалқ байрами Германиянинг турли шаҳарларида, айнан IT тармоғида фаолият юритаётган ватандошлар ҳамда немис томони иштирокида нишонланди. Тадбир доирасида "Янги Ўзбекистон – янги нигоҳларда" номли фотокўргазма ҳамда миллий ҳунармандчилик буюмлари намойиши ташкил этилди.
Германиянинг Байройт шаҳрида ташкил этилган "Бавария–Ўзбекистон" ҳамда "Ўзбекистон–Германия" дўстлик жамиятлари вакиллари учрашувида ўзаро маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, илмий муносабатларда ишончли ҳамкор сифатида координатор бўлиш, ўзбек–немис халқлари ўртасидаги халқ дипломатиясига асосланган алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишга келишиб олдилар. Икки мамлакат дўстлик жамиятлари ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Навбатдаги учрашув мамлакатимиз элчихонасида бўлиб ўтди. Элчи Дилшод Ахатов меҳмонларга учрашув ва музокаралар икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари учун муҳимлигини таъкидлар экан, рақамли технологиялар соҳасидаги ва академик алоқалар ҳамда инвестицион лойиҳаларни кенгайтиришга қаратилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама алоқаларда самара келтиришини таъкидлади. Ушбу сафар доирасида ўтказилган барча учрашув ва тадбирлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши айтилди. Берлин-Тошкент биродарлашган шаҳарлар ишини янада янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор таклиф қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга интилмоқда
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди