Logo

Ўзбекистон делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Савдо иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси ишчи гуруҳлари йиғилишида иштирок этди

Октябрь 05, 2025. 13:33 • 2 дақ

94
Ўзбекистон делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Савдо иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси ишчи гуруҳлари йиғилишида иштирок этди

АНҚАРА, 5 октябрь. "Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида жорий йилнинг 30 сентябрь-3 октябрь кунлари Инвестициялар саноат ва савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти ходимларининг Туркияга сафари амалга оширилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида Туркия савдо вазирлигининг Халқаро битимлар ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик Департамент раҳбарияти билан Имтиёзли савдо битими рўйхатини кенгайтириш юзасидан навбатдаги музокаралар ўтказилди.

Музокаралар давомида амалдаги 12 та маҳсулотдан иборат рўйхатга қўшимча 18 та товар турларини киритиш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур янгиланган рўйхат икки томонлама савдо айланмасини кенгайтириш ва иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Икки томонлама музокаралар жараёнида мамлакатлар иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга товарлар рўйхати атрофлича кўриб чиқилди. Божхона божлари юзасидан икки томон учун ҳам манфаатли тарзда имтиёзлар бериш зарурлиги қайд этилди.

Ўз навбатида, амалдаги имтиёзга эга маҳсулотлар учун белгиланган квоталар ҳажмини ошириш масаласи илгари сурилиб, бу орқали савдо ҳажмини кенгайтириш ҳамда икки томонлама ҳамкорлик имкониятларини янада кучайтириш кўзда тутилди.

Томонлар Имтиёзли савдо битими рўйхатини кенгайтириш бўйича навбатдаги музокараларни Тошкент шаҳрида ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Савдо бўйича Ишчи гуруҳ фаолиятини янада фаоллаштириш ҳамда унинг 2-йиғилишини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

  Ўзбекистон томони сафар давомида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Савдо иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси (КОМСЕК) Ишчи гуруҳларининг 41-йиғилишида иштирок этди.

Йиғилиш доирасида савдо, инвестиция ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки ва кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон вакиллари савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш