Марказий Осиё ва КАДҲК ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада кенгайтирилади
Май 07, 2026. 10:25 • 2 дақ
• 737
АР-РИЁЗ, 7 май. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистони пойтахтида Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўрфаз тадқиқотлари марказида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон элчилари ҳамда дипломатлари, шунингдек, КАДҲК Котибияти вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати иштирокчилари Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақалари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Томонлар Жидда шаҳрида биринчи “Марказий Осиё – КАДҲК” тарихий саммити ўтказилганидан сўнг минтақалараро мулоқот тўлиқ янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Олий даражада ўрнатилган очиқ ва самимий мулоқотлар барча йўналишлардаги алоқаларни фаоллаштиргани, ҳозирги ўсиш сурати эса давлат раҳбарлари белгилаб берган ҳамкорлик йўлининг бевосита давоми экани таъкидланди.
Тадбир давомида анъанавий дипломатик мулоқот доирасидан ташқарига чиқувчи ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. Иштирокчилар икки минтақа учун ягона иқтисодий тизимни шакллантиришга хизмат қиладиган қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ўртасида янги трансминтақавий йўлакларни барпо этиш ҳамда савдо йўлларини ривожлантириш Евроосиёнинг иқтисодий харитасига сезиларли таъсир кўрсата оладиган устувор вазифа экани алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида дипломатлар ҳар икки минтақа бир-бирини тўлдирувчи ресурсларга эга эканини, бу эса кенг кўламли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун ноёб имконият яратишини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси