Ўзбекистон элчиси Исломобод шаҳар ҳокими билан учрашди
Январ 03, 2026. 12:20 • 2 дақ
• 287
ИСЛОМОБОД, 3 январь. / “Дунё” AA/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Исломобод шаҳрини ривожлантириш маъмурияти (Capital Development Authority, CDA) раиси Муҳаммад Али Рандҳава билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давоми Ўзбекистон-Покистон икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишларини белгилаб олиш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, шаҳар инфратузилмани ривожлантириш бўйича тажриба ва мутахассислар алмашинувларини йўлга қўйиш ҳамда ўзаро ташрифларни ташкил этиш истиқболларига эътибор қаратилди.
Муҳаммад Али Рандҳава аввалги олий даражадаги ташрифлар давомида Исломобод ва Тошкент ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида имзоланган меморандум доирасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди ва уларни янада жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Покистон вакили Самарқанд ва Исломобод ўртасида қардошлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада янги поғонага олиб чиқишга хизмат қилувчи биродарлашган шаҳарлар алоқаларини ўрнатиш таклифини билдирилди.
«Самарқанд кўп асрлар давомида Буюк ипак йўлининг маркази бўлиб келган. Шунингдек, бу шаҳар қадимда халқаро савдони ривожлантириш ва билим алмашишда катта роль ўйнаган, цивилизациялар ўртасида маданий кўприкларни шакллантирган. Биз афсонавий Самарқанд шаҳри ва Исломобод ўртасида биродарлик алоқалари тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолашга тайёрмиз. Бундан ташқари, ўзаро дўстлик ва биродарлик тимсоли сифатида Исломободдаги кўчалардан бирига ва боғга Ўзбекистон билан боғлиқ номни бериш масалаларини ҳам биргаликда ўрганиб чиқишимиз мумкин. Ўзбекистон инвесторлари пойтахтимиздаги боғлардан бирига инвестиция киритиб, экологик боғ барпо этишини таклиф қиламиз”, – деди CDA раҳбари.
Томонлар Ўзбекистон ҳудудлари ва Исломобод шаҳри ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни илгари суриш, туризм, транспорт ва шаҳарсозлик соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.
Учрашув якунида шаҳарсозлик соҳаларида тажриба алмашиш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва томонларни қизиқтирган барча йўналишлар бўйича қўшма тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси