Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси билан мамлакатларимиз ўртасидаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди

Ноябрь 19, 2024. 11:57 • 2 дақ

182
Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси билан мамлакатларимиз ўртасидаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 19 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг ташқи ишлар бўйича махсус ёрдамчиси Тариқ Фотеми билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва  қўшма ташаббусларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди.


Покистонлик сиёсатчи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг жорий ҳолати дўстона ва самимий аҳамият касб этаётганлигини мамнуният билан қайд этди. Олий даражадаги мулоқот алоқаларни жадал ривожлантириш имконини бераётгани таъкидланди. Шу маънода Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазирининг жорий йилдаги ШҲТ саммити доирасидаги самарали учрашувини давлатларимиз етакчилари ўртасидаги ҳамфикрлиликнинг олий намунаси бўлганлиги эътироф этилди.


"Олдимизда турган асосий вазифа – давлатларимиз етакчиларининг келишувларини аниқ лойиҳалар шаклида рўёбга чиқишни таъминлаш. Фақат шу йўсиндаги ҳамкорлик орқали мамлакатларимиз тараққиёт сари илдам одимлаши мумкин", - деди Тариқ Фотеми.

Шунингдек ўқинг


Махсус ёрдамчи, шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, Трансафғон темир йўли қурилишининг тез муддатларда бошланиши муҳимлигини қайд этди.


Бундан ташқари, Покистон томони мамлакатларимиз ўртасида авиақатновларнинг қайта тикланаётганини юқори баҳолаб, икки давлат ўртасидаги парвозлар географиясини янада кенгайтириш зарурлигига урғу берди.


Икки давлат ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш орқали ҳудудлараро алоқаларни жонлантириш ва узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш