Исломободда олий таълим соҳасида Ўзбекистон-Покистон ҳамкорликни янада жадаллаштириш истиқболлари белгилаб олинди

Июнь 07, 2026. 09:10 • 3 дақ

132
Исломободда олий таълим соҳасида Ўзбекистон-Покистон ҳамкорликни янада жадаллаштириш истиқболлари белгилаб олинди

ИСЛОМОБОД, 7 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон федерал таълим ва касбий тайёргарлик бўйича давлат вазири Важиҳа Қамар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, айниқса олий таълим тизимидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш ва икки мамлакатнинг олий таълим муассасалари ўртасидаги академик ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Давлат вазири Важиҳа Қамар Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатимизда таълим соҳасини модернизация қилиш, хусусан олий таълим тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни замонавий билим ва амалий кўникмалар билан таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни юксак баҳолади.

«Ўтган йили ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида иштирок этиш мақсадида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифим давомида мамлакатингиздаги кенг кўламли ўзгаришларга шахсан гувоҳ бўлганман, – деди Важиҳа Қамар. – Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги раҳбарияти билан ўтказилган учрашувлар чоғида мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасида ҳали тўлиқ ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим».

Учрашув давомида Ўзбекистон меҳнат бозори эҳтиёжларини қондириш мақсадида покистонлик малакали мутахассисларни жалб қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Хусусан, Покистон томони Ўзбекистон иқтисодиёти, айниқса тўқимачилик саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни етказиб бериш, касбий таълим соҳасида ўзаро манфаатли асосда мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирди. Шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Исломободдаги Замонавий тиллар миллий университети ўртасида академик ҳамкорлик ўрнатиш, хорижий тиллар бўйича мутахассислар тайёрлаш соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш ташаббуслари илгари сурилди.

Музокаралар чоғида томонлар ўртасида айни пайтда муҳокама қилинаётган бир қатор муҳим лойиҳалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Жумладан, Покистонда Тошкент тиббиёт университетининг филиалини ташкил этиш ёки қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, Покистон Фан ва технологиялар миллий университетида Ўзбекистон кафедрасини очиш, шунингдек, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Покистон Федерал таълим ва касбий тайёргарлик вазирлиги ўртасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли ва ўзаро манфаатли йўналишларини аниқлаш, аниқ амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича музокараларни давом эттириш мақсадида Покистон Федерал таълим ва касбий тайёргарлик бўйича давлат вазири бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш