Новосибирскда Самарқанднинг бой меъморий меросига бағишланган бадиий кўргазма ўтказилди
Июнь 26, 2026. 19:35 • 2 дақ
• 23НОВОСИБИРСК, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Новосибирск давлат архитектура ва қурилиш университетида мамлакатимиз Бош консулхонаси кўмагида мазкур олийгоҳ талабаларининг юртимиз, хусусан, Самарқанд шаҳрига бағишланган ижодий ишлар кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Экспозициядан талабалар томонидан маҳорат билан чизилган, Самарқанднинг дунёга машҳур обидалари – Гўри Амир, Бибихоним мажмуалари, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва Темурийлар пойтахтининг замонавий қиёфаси акс этган ранг-баранг суратлар, пейзаж ва эскизлар жой олди.
Новосибирсклик ёш ижодкорларнинг ишлари ҳам рангли, ҳам оқ-қора услубда ижро этилган бўлиб, улар Самарқанд меъморчилик санъатининг бетакрор гўзаллигини, улуғворлигини ва тарихий илдизларини жуда аниқ етказиб берган. Самарқанд мавзусидан ташқари, кўргазмада талабаларнинг Ўзбекистонга ташриф давомида Тошкент шаҳрида олган таассуротлари асосида чизилган ижодий ишлари ҳам намойиш этилди.
“Самарқанддаги бадиий амалиёт бизнинг ҳаётимиз ва ўқишимиздаги илк хорижий сафар бўлиши билан бирга, қалбимизда унутилмас таассурот қолдирди. Буюк тарих ва замонавийлик уйғунлашган бу заминда бўлиш, ўзбекистонлик тенгдошлар билан тажриба ва билим алмашиш биз учун катта имконият бўлди”, –дейди россиялик талабалар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


