Logo

Қоҳира шаҳрида Миср–Ўзбекистон ишбилармонлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Октябрь 29, 2023. 11:43 • 2 дақ

165
Қоҳира шаҳрида Миср–Ўзбекистон ишбилармонлари кенгашининг биринчи  йиғилиши бўлиб ўтди

ҚОҲИРА, 29 октябрь. /«Дунё» АА/. Миср ишбилармонлари уюшмасида (Egyptian Businessmen's Association) Миср–Ўзбекистон ишбилармонлари кенгаши аъзоларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонасидан маълум қилинишича, унда мисрлик таниқли тадбиркорлар билан бирга мамлакатимиз элчиси, Миср Ташқи ишлар вазирлиги, Бош хорижий инвестициялар агентлиги (General Authority For Investments) вакиллари ҳам иштирок этдилар.


Тадбир чоғида таниқли ишбилармон ва нуфузли давлат арбобларидан бири, Миср Вакиллар палатаси (парламенти) қўмитасининг раиси, "Polyserve For Fertilizers and Chemicals" компанияси раҳбари Шариф ал-Габали кенгаш раиси, Миср ишбилармонлари уюшмаси раиси, "Nahdet Misr Co. For Agro Industries" компанияси бошқарувчи директори Ҳелми Али Исса унинг ўринбосари этиб сайланди.


Йиғилиш доирасида мамлакатимизнинг қатор вилоятлари имкониятларига доир тақдимотлар ўтказилгани баробарида "Doing business in Uzbekistan" мавзусига бағишланган видеолавҳалар ҳам намойиш этилди. Шунингдек, мамлакатимиз дипломатия ваколатхонаси томонидан ўзбек тўқимачилик ва ип-калава маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил қилинди.


Кенгаш раиси Шариф ал-Габали Ўзбекистон Президентининг 2023 йил февраль ойидаги расмий ташрифи икки мамлакат ўртасида ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатганлигини қайд этар экан, мисрлик тадбиркорларни Ўзбекистон билан ўзаро савдо ва инвестиция ҳажмини оширишда фаол иштирок этишга чақирди. Шу ўринда, у  узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр бўлган салоҳиятли ўзбек тадбиркорларини Ўзбекистон-Миср ишбилармонлари кенгашига жалб этиш мақсадга мувофиқ бўлишини қайд этди.


Йиғилиш чоғида "Solipharm", "ACDIMA" компаниялари вакиллари  Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик истиқболларига доир фикрларини ўртоқлашдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш