Logo

Ўзбекистон Дания билан ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиради

Июнь 24, 2025. 11:18 • 55 сония

64
Ўзбекистон Дания билан ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиради

КОПЕНГАГЕН, 24 июнь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси (қароргоҳи Стокгольм шаҳрида жойлашган) кўмагида жорий йилнинг 16-20 июнь кунлари Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси делегациясининг Данияга хизмат сафари ташкил қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари сафар давомида Дания Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат кенгаши, Дания таъсир фонди (IFU) мутасаддилари билан учрашувлар ўтказишди. Музокараларда ветеринария, чорвачилик, сертификация ва кадрлар тайёрлаш соҳасида кооперация, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва тажриба алмашиш каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилинди.

Шунингдек, юртимиз вакиллари "UNIBIO" компаниясининг Инновация марказига ва "Viking Genetics" корхонасининг ишлаб чиқариш базасида бўлиб, мазкур ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

"UNIBIO" компанияси бош менежери билан кечган мулоқот чоғида мамлакатимизда биопротеин озуқа қўшимчасини ишлаб чиқариш лойиҳасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

"Viking Genetics" компаниясининг ветеринария бўйича раҳбари мулоқот чоғида насилчилик соҳасида тажриба алмашиниш, селекция марказини ташкил этиш ва чорвадор-фермерлар малакасини ошириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети талабалари учун "Viking Genetics" лабораторияларида қисқа муддатли ўқув-амалий машғулотларини ташкил этишга аҳдлашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш