Logo

Тошкент ва Панжоб вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик янада кенгайтирилади

Март 17, 2026. 09:00 • 3 дақ

126
Тошкент ва Панжоб вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик янада кенгайтирилади

ЛАҲОР, 17 март. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Лаҳор шаҳрида Панжоб вилояти қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Ифтихар Али Саҳу ҳамда чорвачилик ва сутчилик вазирининг ўринбосари Ахмед Азиз Тарар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот аввалида Покистон томони 2023 йилда Ўзбекистонга амалга оширилган ташрифни илиқ хотиралар билан эслаб ўтди. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни диққат билан кузатиб бораётганини ва уларни юксак баҳолашини қайд этди. Ўзбекистонда пахта етиштириш ва пахтачилик кластерлари фаолияти самарали йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистоннинг пахтачилик кластерларини ривожлантириш борасидаги илғор тажрибасини Покистонда жорий этиш масаласида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканини таъкидланди.

Мамлакатимиз вакиллари Панжоб вилоятининг қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасидаги имкониятлари билан танишди. Қайд этилишича, Панжоб вилояти мамлакатдаги энг йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи ҳудуд ҳисобланиб, бутун Покистонда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 70 фоизи айнан ушбу вилоят ҳиссасига тўғри келади. Вилоятда асосан картошка, буғдой, шакарқамиш, цитрус мевалар, гуруч, маккажўхори ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади.

Чорвачилик соҳасида ҳам Панжоб вилояти етакчи ўринни эгаллайди. Хусусан, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган сутнинг 62 фоизи, қорамол гўштининг 43 фоизи, эчки гўштининг 33 фоизи ва парранда гўштининг 65 фоизи ушбу вилоят ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек ўқинг

Покистон томони Ўзбекистон билан сут, қорамол ва парранда гўшти экспорт қилиш, шунингдек, зотдор чорва молларини етиштириш мақсадида сунъий уруғлантириш ва генетика йўналишларида илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, терини қайта ишлашнинг барча босқичларида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.

Тошкент вилояти вакиллари, ўз навбатида шоли етиштириш бўйича илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва қўшма корхона ташкил этиш, Покистон тажрибаси асосида картошка етиштиришни ривожлантириш, уруғчилик бўйича илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ҳамда ҳосилдор картошка навларини биргаликда яратиш бўйича таклифларини илгари сурди. Шунингдек, гўшт етиштириш йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Тошкент ва Панжоб вилоятларида савдо уйлари ва логистика марказларини ташкил этиш, шунингдек, текстиль ва чарм маҳсулотлари намойиш этиладиган шоурумлар очиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Томонлар мазкур ташаббуслар икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш