Logo

Пекинда сунъий интеллект бўйича глобал форум бўлиб ўтди

Июль 26, 2025. 12:45 • 2 дақ

57
Пекинда сунъий интеллект бўйича глобал форум бўлиб ўтди

ПЕКИН, 26 июль. /"Дунё" АА/. Пекин шаҳрида сунъий интеллект бўйича глобал мулоқот – "ABU AI-2025" форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Хитойнинг радио ва телевидениеси бош бошқармаси (RTPRC) ва "China Broadcasting International Economic and Technical Cooperation Co. Ltd." (CBIC) ҳамкорлигида ўтказилди. Форумда Осиё-Тинч океани минтақаси ва ундан ташқаридаги телерадиокомпанияларда технология ва инновацияда сиёсат юритувчилар қатнашди.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси кўп йиллардан буён ABUнинг доимий ва фаол аъзоси, шу ўринда, ушбу форумда ҳам компания марказий аппарати масъул вакили Лазиз Жўраев иштирок этди.

Форум доирасида AI Exchange номли панель муҳокамалари, тематик маърузалар ва амалий мастер-класслар бўлиб ўтди. Ушбу платформа сунъий интеллектнинг медиа маконидаги ўзгарувчан таъсирини тадқиқ этиш учун яратилган.

Осиё-Тинч океани мамлакатлари телерадиоэшиттирувчилар иттифоқи (ABU) дунёдаги энг йирик телерадиокомпанияларни бирлаштирувчи иттифоқ бўлиб, 250 дан ортиқ ташкилотни ва 3,5 миллиарддан зиёд аҳолини қамраб олади. 1934 йилда ташкил этилган ABU телерадиокомпаниялар манфаатларини илгари суриш, технология ва контент ишланмаларини ривожлантириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва медиа соҳасида билим алмашишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Пекиндаги Халқаро радио, телевидение ва кино кўргазмаси (BIRTV) сўнгги ўн йилликдан зиёд вақт мобайнида Осиёнинг энг нуфузли медиа-технология кўргазмаси бўлиб келмоқда. У дунё бўйлаб саноат етакчилари, технология пешқадамлари ва медиа мутахассисларини бирлаштирган. BIRTV2025 4K/8K технологиялари, 5G, AI ечимлари, булутли ҳисоблаш, Big Data, VR/AR/MR/XR ва медиа-конвергенция ечимларини ўз ичига олган сўнгги инновацияларни намойиш этади.

50 минг метр квадрат майдонда ташкил этилган кўргазмада 500 дан ортиқ компания ва 50 мингга яқин соҳанинг профессионал вакиллари қатнашди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш