Мўғулистоннинг Тошкентдаги элчихонасида мўғулшунослик йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Декабрь 06, 2024. 19:18 • 2 дақ
• 347
ТОШКЕНТ, 6 декабрь. /"Дунё" АА/. Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида "Ўзбекистонда мўғулшуносликнинг бугунги ҳолати" мавзусида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Мўғулистон элчиси Дааданхуу Батбаатар ва элчихона ходимлари, шунингдек, филология фанлари доктори, доцент Анвар Бўранов, ўзбек тилшунослиги соҳасидаги етакчи олим, филология фанлари доктори Ҳамидулла Дадабоев, Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги "Тил ва адабиёт ўқитиш методикаси" журнали бош муҳаррири, ёзувчи ва журналист Фаррух Жабборов иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистонда мўғулшуносликнинг бугунги ҳолати ва мавжуд муаммолар ҳақида сўз юритилиб, иштирокчилар билан бу борадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Мўғулча-ўзбекча луғат яратиш, икки давлат ҳудудларида қўшма этнографик ва топонимик тадқиқотлар олиб бориш, тилшунослик соҳасида мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик университетида "Мўғулшунослик" кафедрасини очиш каби бир қатор муҳим ташаббуслар хусусида фикр алмашилди.
Мўғулистон элчиси ўзбек олимларининг мўғулшунослик соҳасидаги ташаббуслари муҳимлигини қайд этган ҳолда, уларнинг икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини эътироф этди. Мамлакатларимиз тарихий манбалар ва моддий меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва рўйхатга олиш масалаларига фаол эътибор қаратаётган замонавий дунёда халқларимиз ўзининг муштарак тарихига оид ишончли маълумотларни келажак авлодларга етказиши муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда олимлар ва тадқиқотчиларнинг ўрни муҳим эканлиги айтиб ўтилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон вакиллари элчихонага ўз асарларини тақдим этишди. Ўз навбатида, мўғул дипломати иштирокчиларга икки давлат ўртасидаги дўстлик рамзи – "Алтан гэрэгэ"ни совға қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси