Ўзбекистон–Хитой: илк бор фармацевтика бўйича бизнес-форум бўлиб ўтди
Апрель 02, 2026. 09:11 • 2 дақ
• 159
ШАНХАЙ, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Хитой-Осиё иқтисодий ривожланиш уюшмаси ҳамкорлигида фармацевтика соҳасидаги икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган илк бизнес-форуми ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Манзилли инвестициявий ҳамкорлик доирасида ўтказилган ушбу тадбирда юз нафардан ортиқ соҳа вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари ва экспертлар офлайн ҳамда онлайн тарзда иштирок этди. Пилот лойиҳа сифатида ташкил этилган симпозиумга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутасаддилари онлайн сессия орқали қўшилиб, хитойлик инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатди.
Хитой-Осиё иқтисодий ривожланиш уюшмаси президенти ўринбосари Чжу Тиньбин Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодий барқарорлик ва хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай солиқ муҳитини юқори баҳолади. Айниқса, мамлакатимизнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусидаги фаол иштироки хитойлик тадбиркорлар учун интеграция жараёнларига қўшилишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида қайд этилди.
Тадбир давомида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари тақдимот намойиш қилиб, юртимиздаги эркин иқтисодий зоналарда мавжуд имтиёзлар, илмий-тадқиқот йўналишидаги ютуқлар ва истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳамда Шанхай университетининг Сучжоу шаҳридаги филиали ўртасида ҳамкорлик бўйича дастлабки келишув имзоланди.
Симпозиум якунида “Wuxi Taxus Pharmaceutical Co.Ltd.”, “SIYI INTELLIGENCE”, “Highend” ва “Zhejiang Lini Biotechnology Co.Ltd.” каби етакчи компаниялар раҳбарияти билан икки томонлама B2B форматида учрашувлар бўлиб ўтди. Музокараларда сармоявий лойиҳаларни жорий этиш, Хитой делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси