“BBC”: Ўзбекистонда футболга бўлган эътибор ва мухлислик маданияти тобора юксалмоқда
Апрель 01, 2026. 16:55 • 2 дақ
• 337
ЛОНДОН, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Британиянинг нуфузли “BBC” порталида Ўзбекистондаги футболга қаратилган эътибор, мухлислик маданияти ва миллий терма жамоанинг сўнгги пайтлардаги муваффақиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“ВВС” ёзганидек, авваллари Ўзбекистон ўзининг бой меъморчилиги ва Ипак йўли мероси билан машҳур бўлган бўлса, ҳозирда мамлакатда футболнинг янги даври бошланмоқда. Айниқса, миллий терма жамоанинг 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши, футбол мухлислари учун улкан қувончли воқеа бўлди.
Мақолада ўзбек футболининг сўнгги ютуқлари блогерлар ва соҳа экспертлари фикрлари билан таҳлил қилинган. Рақамли контент яратувчи Суннатилло Саматов фикрича, футбол Ўзбекистонда шунчаки спорт эмас, балки кундалик ҳаётнинг ажралмас қисми ва маданий дам олиш воситасига айланган. “Championat.asia” портали вакили Артём Меликов эса миллий жамоа ютуқлари стадионларга мухлислар оқимини қайтарганини, Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити” каби гранд клубга ўтиши эса ўзбек футбол мактабининг салоҳиятини бутун дунёга намойиш этганини эътироф этган.
Миллий терма жамоа аъзоси Ҳожимат Эркинов майдондаги энергия ҳақида гапирса, аёллар терма жамоаси ҳужумчиси Нилуфар Қудратова футбол қизлар учун стереотипларни бузиш ва ўз кучига ишониш йўлида муҳим восита эканини қайд этган.
Материалда футбол ва миллий ошхона ўртасидаги боғлиқлик ҳақида ҳам фикр юритилган. Таъкидланишича, футбол байрамлари ва ғалабалар доим иссиқ нон ва шоҳона палов билан нишонланган. “Чорсу” бозори эса нафақат савдо маскани, балки Ипак йўлининг икки минг йиллик тарихини ҳис қилиш мумкин бўлган гастрономик марказ сифатида тасвирланган.
“BBC”да баён этилганидек, футболчилар машғулотдан сўнг Чимён тоғларида куч тўплашади. Ўзбекистон нафақат тарихий шаҳарлари, балки Жаҳон чемпионатига тайёрланаётган шижоатли ва меҳмондўст халқи, футбол муҳити билан ҳам сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси