Ўзбекистонда Британия тажрибаси асосида профессионал таълимни такомиллаштириш режалаштирилмоқда

Октябрь 21, 2026. 15:00 • 2 дақ

• 59
Ўзбекистонда Британия тажрибаси асосида профессионал таълимни такомиллаштириш режалаштирилмоқда

ЛОНДОН, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Буюк Британиянинг “VTCT Skills” ташкилоти халқаро ривожланиш бўйича директори Стюарт Скиннер билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

1962 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “VTCT Skills” профессионал ва техник таълим, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалий кўникмаларни баҳолаб, малака сертификатларини беришга ихтисослашган Британия ташкилоти ҳисобланади.

Ушбу ташкилот 17 дан зиёд касбий йўналишда иш олиб боради. Ташкилотнинг таълим тармоғи бутун дунё бўйлаб 3 мингдан ортиқ ўқув марказларини бирлаштирган бўлиб, уларда ҳар йили 120 мингдан зиёд киши таҳсил олади.

Ташкилот косметология ва гўзаллик саноати, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий парвариш, мактабгача таълим, спорт ва фитнес, бизнес, бухгалтерия ҳисоби ва молия, логистика, меҳмонхона иши ҳамда умумий овқатланиш каби йўналишларни қамраб олган. “VTCT Skills”нинг халқаро ҳамкорлиги Ҳиндистон, Гонконг, Малайзия, Саудия Арабистони, Ирландия, Жанубий Африка ва Сингапурдаги қўшма лойиҳаларни ўз ичига олади.

Шунингдек ўқинг

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон техникумларида замонавий таълим дастурларини жорий этиш, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва касбий компетенцияларни халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш масалаларини муҳокама қилди. Икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, халқаро тажрибани ўрганиш, касбий тайёргарлик дастурларини такомиллаштириш ва битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида ҳамкорликни кенгайтириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва Ўзбекистон профессионал таълим тизимига илғор халқаро тажрибани янада кенг жорий этиш бўйича келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш