Logo

ТИВ раҳбари ўринбосари бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Польшада бўлди

Ноябрь 07, 2024. 18:05 • 55 сония

138
ТИВ раҳбари ўринбосари бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Польшада бўлди

ВАРШАВА, 7 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Музаффар Мадраҳимов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси 5 ноябрь куни расмий ташриф билан Польшада бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Польша ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 10-давраси бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида Польша делегациясига Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Владислав Бартошевский раҳбарлик қилди.

Томонлар икки давлат ўртасидаги мавжуд муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон делегацияси Польша Иқтисодий ривожланиш ва технологиялар вазирлиги давлат котиби Михал Ярос билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида, шунингдек, Польша инвестициялар ва савдо агентлигида (PAIH) икки давлат тадбиркорлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Польша ташқи ишлар ва ривожланиш вазирликлари, Миллий савдо палатаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Тадбир якунида "G2B" ва "B2B" шаклидаги музокаралар ташкил этилди. Музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг манфаатли йўналишлари белгиланди ва янги қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш