Фарғона вилояти делегациясининг Латвияга ташрифи самарали бўлди
Апрель 29, 2024. 09:46 • 2 дақ
• 198
РИГА, 29 апрель. /"Дунё" АА/. Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов раҳбарлигидаги делегация Рига шаҳрига борди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, миллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш ва мамлакатимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Хусусан, Рига мэрининг ўринбосари Линда Озола билан кечган учрашувда савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, таълим ва маданият соҳаларидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Якунда Рига шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган маданий тадбирларда Фарғона вилояти вакилларининг иштирокини таъминлаш тўғрисида келишиб олинди.
Мамлакатмиз делегацияси аъзолари, шунингдек, Рига эркин порти (РЭП) директори ўринбосари Эдгарс Суна билан музокаралар олиб бордилар. Унда Латвия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини ошириш, жумладан, порт терминали инфратузилмасидан фаол фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан РЭП ҳудудидаги омборхона биноларини сотиб олиш ёки ижара асосида фойдаланиш, уларга имтиёз ва преференциялар бериш масалалари кўриб чиқилди. Эдгарс Суна ушбу масалада порт раҳбарияти ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув сўнггида қисқа вақт ичида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.
Делегациянинг Рига шаҳридаги Ўзбекистон савдо уйига ташрифи давомида икки давлат тадбиркорлари ўртасида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, жумладан, Фарғона вилоятининг инвестициявий ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Музокаралар натижасида Латвия бозорига қишлоқ хўжалиги, маиший кимё, қандолат ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, 25 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон савдо уйида Фарғона вилояти кўргазмалар залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти делегацияси вакиллари Латвиянинг "KGS Group" компанияси раҳбарияти билан учрашиб, вилоятда агрологистик мажмуани ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Латвия томони ушбу лойиҳани амалга оширишдан манфаатдор эканлигини ва унга 10 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди