Logo

Италиянинг жаҳонга машҳур брендлари Ўзбекистон корхоналарига эътибор қаратмоқда

Февраль 21, 2024. 07:32 • 2 дақ

187
Италиянинг жаҳонга машҳур  брендлари Ўзбекистон корхоналарига эътибор қаратмоқда

РИМ, 21 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг машҳур «Original Marines S.p.A.» компанияси ташқи бозорлар бўйича директори Гуалтьеро Галли билан учрашув ўтказди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.



Компания ўзининг дизайни билан «Original Marines» савдо белгиси остида 14 ёшгача бўлган болалар учун кийим, пайпоқ ва пойабзал ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган.

Гуалтьеро Галлининг айтишича, бугунги Ўзбекистон ўзининг тўқимачилик саноати ривожланиш суръатлари, пахта хом ашёси мавжудлиги, Осиё бозорлари яқинлигини эътиборга олганда салоҳиятли ишлаб чиқариш майдонига айланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон тўқимачилик тармоғининг етакчи «BSCI», «OEKO-TEX», «SEDEX», «GOTS», ISO» каби корхоналари ижтимоий ҳимоя, экологик, органик ва сифат талаблари бўйича халқаро сертификат ва нормаларга риоя қилади. Бундай ёндашув эса Италия компаниясининг ижтимоий барқарорлик, ходимларни муҳофаза қилиш, болалар учун кийимлар хавфсиз ва зарарсиз бўлишини таъминлаш сиёсатига тўлиқ мос келади.

Музокаралар якунида «Original Marines» ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчи ҳамда экспортчи корхоналари ўртасида ўзаро манфаатли бизнес алоқаларини ўрнатиш, хусусан болалар учун тайёр кийим ишлаб чиқариш бўйича буюртмаларни жойлаштириш масаласида келишувга эришилди.

«Original Marines S.p.A.» компанияси 1983 йилда Неаполь яқинидаги Нола шаҳрида таъсис этилган. Бугунги кунда компания ўз маҳсулотларини Италиядаги 460 дан зиёд ва дунё мамлакатларида 150 дан зиёд дўконлари орқали харидорларга етказиб беради. 2023 йилдаги савдодан тушган тушум 200 миллион еврони ташкил қилди. Компания йилига 18 миллион дона маҳсулот сотади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш