Logo

Европа кенгаши президенти бош маслаҳатчиси билан бўлажак икки томонлама қўшма тадбирлар жадвали кўриб чиқилди

Январ 15, 2024. 18:50 • 47 сония

201
Европа кенгаши президенти бош маслаҳатчиси билан бўлажак икки томонлама қўшма тадбирлар жадвали кўриб чиқилди

БРЮССЕЛЬ, 15 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Брюссель шаҳрига ташрифи чоғида Европа кенгаши президентининг дипломатия бўйича бош маслаҳатчиси Саймон Мордю билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Томонлар Ўзбекистон–Европа муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини, шунингдек, бўлажак қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилдилар.

Сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Барқарор минтақалараро ўзаро боғлиқликни шакллантириш зарурлиги таъкидланди. 2024 йил 29-30 январь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқалари бўйича Инвесторлар форуми шу мавзуга бағишланади.

Экология соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Европа томони Ўзбекистоннинг жорий йилда Самарқандда Халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон томонининг Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсати, жумладан, афғон халқига ёрдам кўрсатиш ва ушбу мамлакатда гуманитар инқирознинг олдини олиш борасидаги сиёсати юқори баҳоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш