Ўзбекистон ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди
Ноябрь 01, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 17
ТОКИО, 1 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Марказий Осиё давлатлари бўйича ижрочи директори Фусато Танака билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни, уларни бажаришнинг долзарб масалалари ва ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистон ва JICA ўртасидаги амалий шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган янги таклиф ва ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистон элчихонаси томонидан “Янги Тошкент” шаҳрини барпо этиш лойиҳасига япониялик ҳамкорларни жалб этиш, ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Япония бозорига етказиб беришни таъминлаш учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Шунингдек, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашиб, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётга хизмат қиладиган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва янги ташаббусларни илгари суриш муҳимлигини таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси