Санкт-Петербург, Нукус ва Хива музейлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди
Ноябрь 01, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 49САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 1 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бутунжаҳон петербургликлар клуби делегацияси Ўзбекистонда бўлиб, маҳаллий муассасалар ва давлат органлари вакиллари билан музей, илмий ҳамда маданий соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегацияга Клуб бошқаруви раиси Наталия Сидоркевич бошчилик қилди. Нукус шаҳрида И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида ўтказилган учрашув чоғида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Ажинияз Кайназаров билан фан, олий таълим, туризм ва музейлараро алмашинув масалалари кўриб чиқилди.
Ташрифнинг асосий воқеаси И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи ва Санкт-Петербург тарих давлат музейи ўртасида Ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўлди.
Шунингдек, Наталия Сидоркевич Нукус музейига петербурглик рассомларнинг асарларини туҳфа қилди. Жумладан, Россияда хизмат кўрсатган рассом Никита Фоминнинг “Амир Темур мақбараси” асари топширилди.
Маданий дастур доирасида делегация аъзолари Қорақалпоғистондаги қадимий обидалар — Чилпик, Топраққалъа ва Аёзқалъа, шунингдек, Хивадаги “Ичан-қалъа” музей-қўриқхонасида бўлиб, тарихий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Сафар якунлари бўйича Санкт-Петербург, Нукус ва Хива музейлари ўртасида қўшма илмий-тадқиқот ҳамда кўргазма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


