Янги Тошкент лойиҳаси Латвия тадбиркорларида катта қизиқиш уйғотди

Ноябрь 01, 2026. 15:30 • 2 дақ

• 49
Янги Тошкент лойиҳаси Латвия тадбиркорларида катта қизиқиш уйғотди

РИГА, 1 ноябрь. /“Дунё” АА/. Элчихона томонидан Латвия Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, инвестициявий салоҳияти ҳамда истиқболли лойиҳаларига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар, қўшма инвестициявий ва савдо-иқтисодий лойиҳалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Иштирокчилар эътибори йирик шаҳарсозлик лойиҳаси – Янги Тошкентга қаратилди. Ушбу лойиҳанинг стратегик аҳамияти ва хорижий инвестицияларни жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларга бағишланган алоҳида тақдимот намойиш қилинди.

Тақдимотда лойиҳа концепцияси, асосий параметрлари, инфратузилма таркибий қисмлари, қурилишнинг устувор йўналишлари, хорижий компанияларни лойиҳанинг алоҳида таркибий қисмларини амалга оширишга жалб этиш имкониятлари батафсил ёритилди.

Мазкур лойиҳа Латвия ишбилармонларида катта қизиқиш уйғотди. Улар Янги Тошкент лойиҳасининг инвестициявий имкониятлари билан яқиндан танишиш ҳамда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Учрашув сўнггида юртимиздаги инвестиция лойиҳалари билан яқиндан танишиш, янги қурилаётган объектларга ташриф буюриш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ишбилармонлар билан музокаралар ўтказиш мақсадида жорий йилнинг ноябрь–декабрь ойларида Латвия тадбиркорлари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш