Ўзбекистон ва Нидерландия агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Май 12, 2026. 21:55 • 2 дақ

22
Ўзбекистон ва Нидерландия агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

ТОШКЕНТ, 12 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги вакили Нидерландиянинг Вестленд ҳудуди вакили Иво Меер билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот жараёнида агросаноат ҳудудларини самарали бошқариш тизимларини ривожлантириш, Нидерландиянинг ушбу йўналишдаги илғор тажрибасини Ўзбекистон агросаноат зоналарида қўллаш имкониятлари ҳамда соҳага замонавий рақамли ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар иссиқхона хўжалиги ва “яшил” технологиялар бўйича жаҳоннинг етакчи ҳудудларидан бири ҳисобланган Вестленд тажрибаси асосида инновацион бошқарув механизмларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Суҳбат чоғида муниципал хизматлар фаолиятига асосий самарадорлик кўрсаткичларини жорий этиш, натижага йўналтирилган бошқарув тамойилларини амалий қўллаш механизмлари, давлат идоралари, илмий муассасалар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликка асосланган “учлик занжири” модели бўйича Вестленд тажрибаси юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, сув тежовчи технологиялар, энергияни қайта тиклаш тизимлари ҳамда иқлим ўзгаришига мослаштирилган ресурс бошқаруви соҳасидаги илғор ечимларни жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув давомида Агентлик ходимлари учун маҳаллий бошқарув жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган соҳавий экспертлик маслаҳатларини ҳамда Ўзбекистон ҳокимликлари ходимлари учун Вестленд муниципалитети базасида мақсадли стажировкаларни ташкил этишга келишиб олинди.

Тадбирнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Наманган вилоятида қўшма дастурларни амалга ошириш режалари белгиланди. Хусусан, замонавий агросаноат хаблари ­– “Greenports” (“Яшил портлар”)ни ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Лойиҳа илғор халқаро бошқарув моделлари ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали иссиқхона шаҳарчаларининг иқтисодий салоҳиятини яна-да оширишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш