Logo

Польша ОАВ: Ўзбекистон – Осиёда тобора юксалиб бораётган спорт мамлакатига айланмоқда

Январ 18, 2026. 14:31 • 3 дақ

213
Польша ОАВ: Ўзбекистон – Осиёда тобора юксалиб бораётган спорт мамлакатига айланмоқда

ВАРШАВА, 19 январь. /“Дунё” АА/. Польшадаги Марказий Европа институти таҳлилий маркази журналида “Kierunek Kaukaz” ахборот-таҳлилий электрон портали асосчиси, Президент девони матбуот хизмати масъул ходими Каспер Охманнинг “Ўзбекистон – Осиёда юксалиб бораётган спорт мамлакати” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий ҳаётини ривожлантиришда спорт муҳим ўрин тутади. Спорт нафақат саломатликни мустаҳкамлаш, балки ёшларни тарбиялаш, янги муваффақиятлар орқали миллий бирдамликни мустаҳкамлаш, давлатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш воситасидир.

Ўзбекларнинг ижтимоий онгида юқори малакали спортчиларнинг муваффақиятлари ҳам, оммавий жисмоний тарбия ҳам бир хил аҳамиятга эга. Халқнинг ижтимоий хотирасини ифодаловчи миллий спорт турлари ҳам муҳимдир. Замонавий Ўзбекистонда жамият маданий хотирасининг муҳим таркибий қисмига айланган қатор анъанавий спорт турлари ривожланмоқда.

От спорти Ўзбекистонда жуда машҳур мусобақа тури бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. От спорти ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаган кўчманчи халқларнинг бой маданияти ва тарихининг бир қисмидир.

Кўпкари милоддан аввалги II-III аср бошларида пайдо бўлган спорт тури бўлиб, унда эчки ёки қўйни ҳалоллагандан сўнг чавандозлар олдига улоқ қилиб ташланган. Сўнгра, чавандозлар ўша улоқни отдан тушмасдан кўтаришга ҳаракат қилишган. Вазифа – рақибларга қаршилик кўрсатиш орқали улоқни олиб, оломондан қочиш ва маррага олиб келиш эди.

Журналда таъкидланишича, оммалашган спорт турларидан яна бири кураш, яъни миллий курашдир. Кураш беллашуви кўп асрлик ҳурмат ва ҳалолликка асосланган фалсафани ўзида мужассам этган. Ҳозирги Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиё халқлари билан боғлиқ бўлган бу ўйинлар асрлар давомида ривожланиб келган.

1992 йилда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилиб, 1994 йилдан бошлаб, ўзбекистонлик спортчилар мустақил Ўзбекистон байроғи остида халқаро мусобақаларда иштирок этиб келмоқда. 1996 йилда Атлантада бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида курашчи Армен Багдасаров Ўзбекистон тарихида биринчи Олимпия медалини қўлга киритди.

Ўзбекистонда спорт турлари бўйича ёш истеъдодларни камол топтириш мақсадида махсус спорт мактаблари, академиялар ташкил этилди. Футбол соҳасида вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари негизида болалар ва ўсмирлар учун футбол академиялари ташкил этилди.

2018 йилдан бошлаб академиялар келажакда профессионал тайёргарлик кўриш учун истиқболли ёш футболчиларни танлаб олмоқда. Миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун юқори сифатли спорт иншоотларини яратилмоқда.

Бу муассасалар интенсив тайёргарликни таъминлаб, жаҳон даражасидаги спортчиларни тарбиялашга асос бўлади. Бокс, кураш, дзюдо, футбол, енгил атлетика каби спорт турлари давлат спорт сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

2022 йилда Президент профессионал спорт марказларини қуриш тўғрисидаги фармонни имзолади. Тошкентда Баҳодир Жалолов номидаги бокс мактаби ташкил этилди. Муаллифнинг таъкидлашича, мактаб очилганидан бир йил ўтиб, унинг ўқувчилари республика ва халқаро мусобақаларда 26 та олтин, 18 та кумуш ва 15 та бронза медалини қўлга киритган.

Бу йил футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатида дебют қилади. Мундиальдаги иштирок бутун халқ узоқ кутган тарихий воқеа бўлади.

Мақола муаллифи бу ютуқларда Аббосбек Файзуллаев, Элдор Шомуродов, Абдуқодир Ҳусанов каби кучли чемпионатларда тўп тепаётган футболчиларнинг катта роли ўйнаганини алоҳида таъкидлаган.

Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Диёра Келдиёрова дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритган биринчи ўзбек аёли бўлди. Улуғбек Рашидов эса Олимпия чемпионлигини қўлга киритган биринчи ўзбек таэквондочиси сифатида тарихга кирди. Улуғбек Рашидов Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалолов каби икки карра Олимпиада чемпиони бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш