Осиё ўйинларида вакилларимиз ҳозирча иккита медални қўлга киритди
Сентябрь 21, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 217АИЧИ-НАГОЯ, 21 сентябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида давом этаётган ХХ ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси иккита медални қўлга киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистонлик спортчилар мусобақанинг иккинчи кунида яна бир медалга эга бўлди. Осиё ўйинлари дастурига илк бор киритилган ММА баҳсларида -71 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Нодирбек Шавкатов ярим финалда қозоғистонлик Қодирбек Шинбаевга имкониятни бой бериб, бронза медаль билан кифояланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобида ҳозирча бир кумуш ва бир бронза медаль бор.
Дастлабки медални каратэ устаси Ҳумоюнмирзо Ҳалимов қўлга киритган эди. У -55 килограмм вазн тоифасидаги ҳал қилувчи баҳсда кумуш медалга сазовор бўлди.
ММА мусобақаларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Фирдавс Атамурадов ва Ҳилола Собирова эса финал йўлланмасини қўлга киритди.
-60 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган Фирдавс Атамурадов ярим финалда қирғизистонлик Дастан Канибек улуни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. У финалда тожикистонлик Мирзобек Умаровга қарши баҳс олиб боради.
Аёллар ўртасида -60 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган Ҳилола Собирова ҳам ярим финалда муваффақият қозонди. У камбоджалик Далин Ченни икки раундда ҳам яққол устунлик билан мағлуб этиб, финалга йўл олди. Энди ўзбекистонлик спортчи ҳал қилувчи баҳсда Сингапур вакили Хуи Хун Теога қарши рингга чиқади.
Осиё ўйинларида ҳозирча Хитой медаллар жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Кучли учликда, шунингдек, Япония ва Жанубий Корея спортчилари эгаллаб турибди.
Бугун Ўзбекистон вакиллари 10 та спорт турида баҳсларга киришади. Жумладан, спортчиларимиз триатлон, ўқ отиш, спорт гимнастикаси, стол тенниси, ММА, сув полоси, чим устида хоккей, футбол, 3х3 баскетбол ва ушу бўйича мусобақалашади.
Кун давомида ММА бўйича Фирдавс Атамурадов ва Ҳилола Собированинг финал баҳслари ҳамда жамоавий спорт турларида Ўзбекистон вакилларининг муҳим учрашувлари ўрин олган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


