Logo

Самарқандда триатлон бўйича ҳарбийлар ўртасидаги 25-жаҳон чемпионати бошланди

Август 17, 2025. 19:59 • 2 дақ

205
Самарқандда триатлон бўйича ҳарбийлар ўртасидаги 25-жаҳон чемпионати бошланди

САМАРҚАНД, 18 август. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 17-21 август кунлари Самарқанд шаҳридаги "Ipak yoʻli" халқаро туризм марказида ҳарбий триатлон бўйича 25-жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

Кенг кўламли спорт тадбири Халқаро ҳарбий спорт қўмитаси шафелигида Ўзбекистон Мудофаа ва Спорт вазирликлари, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакатимиз Триатлон федерацияси томонидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Чемпионатда Ўзбекистон, Бельгия, Канада, Испания, Франция, Германия, Словения, Швейцария, Қатар, Россия, Эрон, Португалия, Қозоғистон каби 13 давлатдан 120 нафар энг кучли спортчи иштирок этаяпти. Улар учта тоифадаги яккалик ва жамоавий мусобақаларда бешта совринлар тўплами учун курашадилар.

Мусобақа дастури учта классик йўналишни ўз ичига олади: очиқ сувда 750 метрга сузиш, халқаро трек бўйлаб 19 километрга велоспорт ва Самарқанднинг гўзал тарихий марказидан ўтган йўналиш бўйлаб 5 километр масофада югуриш.

Халқаро ҳакамлар замонавий электрон вақт тизимларидан фойдаланган ҳолда натижаларнинг адолатлилиги ва холислигини таъминлайди. Халқаро ҳарбий спорт қўмитаси бош котиби Роберто Реккиа турнирнинг фахрий меҳмони сифатида иштирок этмоқда.

Чемпионатда Ўзбекистон шарафини Мудофаа вазирлигининг саккиз нафар спортчисидан иборат терма жамоамиз ҳимоя қилади.

Миллий терма жамоамиз бундай турнирларда муносиб иштирок этиш тажрибасига эга. Хусусан, ўтган йиллар давомида жамоамиз қўйидаги натижаларни қайд этган:

-2021 йилда Ланзароте (Испания)да 13 та жамоа ўртасида умумжамоа ҳисобида кумуш, Алина Ҳакимова эса ўз ёш тоифасида ғолиб бўлган;

-2022 йилда Агуиласда (Испания) 20 та жамоа орасида кучли бешликка кирди;

-2023 йилда Бриве-ла-Гаилярде (Франция) 20 та жамоа орасида кучли 5 таликка кирди;

2024 йилда Измирда (Туркия) 16 жамоа орасида кумуш медаль қўлга киритилди.

Жорий йилда Ўзбекистон терма жамоаси ҳарбий хизматчилари юқори тайёргарлик даражасини тасдиқлаб, янги совринлар учун курашиш ниятида.

Жаҳон чемпионатининг очилиш маросим бугун соат 19:00 да "Silk Road Samarkand" туристик мажмуасида жойлашган "Боқий шаҳар" ҳудудида бўлиб ўтади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш