Logo

Деҳлида Ўзбекистоннинг III ёшлар Осиё ўйинларидаги тарихий ғалабасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ноябрь 04, 2025. 14:47 • 2 дақ

612
Деҳлида Ўзбекистоннинг III ёшлар Осиё ўйинларидаги тарихий ғалабасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

ДЕҲЛИ, 4 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси Ҳиндистон Глобал савдо ва технологиялар кенгаши (Global Trade & Technology Council of India - GTTCI) билан ҳамкорликда мамлакатимиз ёш спортчиларининг Баҳрайнда бўлиб ўтган III ёшлар Осиё ўйинларидаги тарихий муваффақиятига бағишланган тантанали кеча ташкил қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир 2025 йил 22-31 октябрь кунлари ўзбек спорти тарихига янги саҳифа битган ёш спортчиларни шарафлаш майдончасига айланди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев мамлакатимиз терма жамоаси қўлга киритган натижа оддий рақамлар эмас, балки улкан ғалабанинг ифодаси эканига алоҳида эътибор қаратди. Ёш спортчилар 37 та олтин, 16 та кумуш, 28 та бронза медалини қўлга киритиб, қитъанинг 45 мамлакати вакиллари билан кечган шиддатли курашда тарихда биринчи марта умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

«Бу медалларнинг ҳар бири ортида спортчиларимиз, уларнинг мураббий ва устозларининг улкан меҳнати, шунингдек, бутун мамлакатнинг тинимсиз қўллаб-қувватлови турибди. Бу муваффақият Янги Ўзбекистоннинг оммавий ва профессионал спортни кенг кўламда ривожлантиришга, миллат саломатлигини мустаҳкамлашга, ёшларимиз истеъдодини очиб беришга қаратилган сиёсати самарадорлигининг энг яхши исботидир», деб урғулади дипломат.

Кеча иштирокчилари ҳам ушбу сўзларга қўшилиб, ўзбекистонлик спортчиларни Манамадаги тарихий ғалабаси билан табриклади ва жаҳон спорт жамоатчилиги Баҳрайнда ўзбекистонлик янги спорт юлдузлари халқаро майдонга кириб келганига гувоҳ бўлганини қайд этди.

Тадбирда Ўзбекистон спортчилари қўлга киритаётган юксак натижаларга Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил янгиланиш жараёни мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Замонавий спорт иншоотларини бунёд қилиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, иқтидорли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ўз самарасини бериб, мамлакатни янги спорт ютуқлари ватанига айлантирмоқда.

Осиё Олимпия кенгаши IV ёшлар Осиё ўйинларини 2029 йилда Ўзбекистонда ўтказишга ишонч билдиргани ҳақидаги хабар алоҳида ғурур бағишлади. Бугунги кунда Тошкент ушбу кенг кўламли тадбирга тайёргарликни бошлаб юборгани маълум қилинди. 2029 йилда Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ташкил этилиши мамлакатнинг жаҳон спорт майдонидаги обрўси ортиб бораётганини эътироф этиш, шунингдек, спорт инфратузилмаси, туризм ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кучли рағбат бўлади.

Деҳлидаги тантанали кеча спортдаги ғалабалар Ўзбекистон учун ўзига хос ташриф қоғозига айланиб, унинг дунёда келажакка интилаётган ёш, изчил ривожланаётган ва меҳмондўст давлат сифатидаги ижобий обрўсини мустаҳкамлаётганини яққол намоён этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш